Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон таэквондо федерациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилди
- 11-апрел, 17:52
- Ali Ahmadxo’jayev
- 0
- Яккакурашлар
Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон таэквондо федерациясининг (Wоrld Taekwondo) Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов иштирок этиб, таэквондо мамлакатимизда устувор спорт турларидан бири сифатида жадал ривожланаётганини таъкидлади.
Бош Ассамблеясида спортни бошқариш, қоидаларни такомиллаштириш ва халқаро мусобақаларни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Йиғилиш давомида ташкилотнинг низоми, мусобақа қоидалари ва уларнинг талқини, ҳалоллик (этика) кодекси, интизомий чоралар ва апелляция тартибларига оид ҳужжатларга ўзгартишлар киритилиб, тасдиқланди. Мазкур янгиланишлар таэквондонинг нафақат спорт жиҳатидан, балки ҳуқуқий ва институционал асосларини ҳам мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ушбу қарорлар ташкилот фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, низоларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда интизомий назорат тизимини янада самарали қилишга хизмат қилади. Хусусан, амалдаги интизомий кодексга мувофиқ, ташкилот қоидалар бузилишини текшириш, терговчилар тайинлаш ва зарур маълумотларни талаб қилиш ваколатига эга бўлиб, янги ўзгаришлар ушбу жараёнларни янада аниқ ва тизимли шаклга келтиради.
Тошкентдаги йиғилишлар доирасида 2025–2026 йиллар учун операцион ва молиявий ҳисоботлар ҳам тасдиқланди. Шу билан бирга, халқаро мусобақалар тақвимига оид қарорлар қабул қилиниб, 2027 йилги “Гранд Prix Challenge” мусобақаларининг босқичлари Пуне (Ҳиндистон) ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши белгиланди. 2028 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса Лима (Перу) шаҳрида ташкил этилади.
Мазкур тадбирларда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбари Чунгвон Чой пойтахтимизда ўтадиган жаҳон чемпионатининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, мусобақани таэквондо ривожида бурилиш нуқтаси сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, чемпионатнинг замонавий инфратузилмада, халқаро стандартларга мос равишда ўтказилиши алоҳида эътиборга лойиқ.
Эслатиб ўтамиз, XV Жаҳон чемпионати эртага 12 апрель куни старт олади ва 17 апрелга қадар “Олимпия шаҳарчаси” Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мажмуада давом этади.
Takewando
.jpg&w=3840&q=75)