Европа чемпионатида ўн беш дақиқа ўйнаган футболчи энди таксичилик қиляпти
Кўпинча футболчилар профессионал фаолиятини якунлагач, барибир спорт оламида қолишни афзал кўради. Аммо баъзилари бутунлай бошқа йўлни танлаб, касбини кескин ўзгартиради.
Шундай қарор қабул қилганлардан бири — бир вақтлар Премьер-лигада тўп сурган португалиялик собиқ вингер Угу Порфириу. У бутун ҳаётини қайта йўлга қўйиб, ҳозирда Uber хизмати ҳайдовчиси сифатида ишламоқда. Энди у Лиссабон кўчаларида сайёҳларни ташийди, дея хабар бермоқда derbyderbyderby.it нашри.
Футболчининг карьерасидаги энг ёрқин палла 1996 йилги Европа чемпионатига тўғри келади. Угу ўша мусобақага деярли тасодифан чақирилган, шунга қарамай, Туркия терма жамоасига қарши ўйинда майдонга тушиб, ўзининг ўн беш дақиқалик иштирокини қайд этган. Умуман олганда, Португалия терма жамоаси сафида унга уч марта ўйнаш насиб этган.