
Наманганда VAR қўл келдими ёки панд берди?!
- 8-апрел 2021, 00:08
- Yahyoxo’ja Ulug’xo’jayev
- 19
- Футбол
Бироз аввал якунига етган «Навбаҳор» – «Пахтакор» тўқнашуви мухлисларда икки хил таассурот қолдирди. 69 ёшли Виктор Жалилов шогирдлари Питер Хюистра бошчилигидаги амалдаги чемпионларга қарши муносиб туриб бера олди. Ўйин кескин курашларга бой ўтган бўлса-да, масалани VAR ҳал этди. Келинг, ушбу баҳс ва ҳакам қабул қилган қарор ҳақида бироз суҳбатлашамиз.
Темп юқори

Наманганда Тошкент клублари ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган энг катта омил – мухлислар. Бу учрашувда ҳам улар ўз ишини аъло даражада бажарди десак, адашмаган бўламиз. Аренадаги фанатларнинг олқишлари сабабли, «Навбаҳор» бугун бўйидан ҳам баланд сакрай олди. Ўзининг тартибли ўйини ва майдон марказини бошқариши билан ажралиб турувчи «Пахтакор» тузган режаларининг 70 фоизи иш бергани йўқ. Черан киритган голдан сўнг, «Навбаҳор» иккинчи бўлимда тўлиқ агрессив прессинг уюштиришни бошлади. Футболчилар рақибни Санжар Қувватов дарвозаси олдида кутиб олиш учун зоналарни беркитди. Бу «Пахтакор» сингари чизиқлардаги боғламлари мустаҳкам бўлган жамоага қарши иш бергани таҳсинга сазовор. Жамоа жипслашган ҳолда ҳаракат қилди. Оқибатда, «Пахтакор» ҳужумга чиқишда қийналди. Бир неча бор Қувватов бўш зоналар йўқлиги учун тўпни олдинга тепиб юборишга ҳам мажбур бўлди. Ваҳоланки, «шерлар» ички биринчиликда прессингдан чиқиб кетишда қолганлардан бир бош баланд. «Навбаҳор» голга қадар жуда кўп "брак" паслар ижро этди, аммо битта сифатли комбинация таблодаги ҳисобни ўзгариши учун кифоя қилди. Исоқжонов керакли паллада керакли жойда пайдо бўлди ва ҳисоб 1:1. «Лочинлар» гол киритгач, ўйин картинаси умуман ўзгариб кетди. Буни сезган Хюистра дарров Сардор Собирхўжаев ўрнига Ҳумоюнмирзо Иминовни майдонга туширди. Шу тариқа, «шерлар» майдон марказини қайтариб олишга уринди. Ўйин тугашига бир неча дақиқа қолганида, Рашидов жарима майдончаси ичида пенальти ишлаб олди. Черан 2-голни урди ва таблодаги ҳисоб 1:2 га ўзгарди.
Хўш, пенальти бормиди?

Бу мавзу жуда ҳам баҳсли эканлиги аниқ. Сабаби, ҳакам видеотакрорни камида 10 маротаба кўрди. Узоқ ўйлади ва 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Вазиятни таҳлил қилар эканмиз, биринчи навбатда Сардор Рашидовнинг маҳоратига қойил қолмасликнинг имкони йўқ. Рашидов айнан пенальти ишлаш мақсадида ҳимоячиларни алдаб ўтишга уринди. Рақибнинг оёқлари тўпиғига текканини ҳис қилгач, чиройли йиқилиб берди. Бу вазиятда уни айблаш ноўрин. У «Пахтакор» футболчиси ва клуб ғалабаси учун қўлидан келган барча ишни қилиши шарт. Сардор ўз халқаро тажрибасидан жуда ҳам унумли фойдаланди. Ҳакам эса, ўша кичик контактни пенальтига айлантириш борасида бир неча дақиқа иккиланиб қолди. Ваҳоланки, ўйин темпи ва Рашидовнинг ҳаракатларидан келиб чиқсак, пенальти белгиламаслик учун ҳакамда имконият йўқ эди. Сардор барчасини шундай профессионал амалга оширдики, Фирдавс Норсафаров нима қилишини билмай қолди. Ҳимоячи ва Рашидов ўртасида контакт бор эди, аммо бу пенальтига 100 фоиз тортадими? Катта эҳтимол билан, йўқ! Бироқ спортда сал-пал, деган атама йўқ. Бирор бир футболчи салгина гол уриш ёки озгина қўполлик қилиши имконсиз. Аниқ фактларга суянадиган бўлсак, контакт бор эди.

Бу ҳолат пенальтига 100 фоиз тортмаслиги ҳам рост, аммо юқорида айтилганидек, футболда оз-моз контакт бўлиши мумкин эмас. Контакт бор демак, фол ҳам бор. Контакт йўқ, демак 11 метрлик нуқта кўрсатилмайди. Тўғри, ҳакам ўйиннинг даражаси ва унинг темпидан келиб чиқиб, 11 метрлик нуқтани кўрсатмаслиги мумкин эди. Балки, унинг қарори ўйиндан сўнг унут бўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Фирдавс Норсафаров ВАРдаги ҳамкасблари билан маслаҳатлашган холда, нуқтани кўрсатди. Собиқ ФИФА рефериси Равшан Эрматовнинг эски интервьюларидан биридан қизиқ маълумот олган эдим. Ўша суҳбатда, ҳар бир ҳакам ўйиннинг темпини ҳис қилиши ва унга қоришиб кетиши лозимлиги ҳақида фикр билдирилган. Тўғри, ҳакам бу ўйинни ёмон бошқармади, аммо ўйинга қоришиб кетишни уддалай олмади.
Энг қизиқ томони шундаки, ВАР ҳам баҳсли вазиятга ойдинлик киритгани йўқ. Ҳакам кўрган тасвирни барча кўрди ва барча ўзича хулоса чиқарди...
Танганинг икки томони бор…

Қайсидир маънода ўйин тақдирини ҳал этган ҳакамни оқлаш мумкин, бироқ баҳсли вазиятларнинг негатив таъсири ҳам мавжуд. Ишончсизлик, норози кайфият ва йўқолган интрига. Бундай ҳолатлар фақат бизнинг чемпионатда содир бўлмайди. АПЛ, Ла Лига сингари етакчи биринчиликларда ҳам учраб туради. Фожиа ясаш ёки бойкот эълон қилишдан ҳеч кимга наф йўқ. Шунчаки, курашда давом этиш керак. Намангандаги ўйинни бошқариб борган Фирдавс Норсафаровнинг виждони бор. У биринчи навбатда, ўз виждонидан келиб чиқиб, шу қарорни қабул қилган бўлса кифоя. Қолгани муҳим эмас. Бугунги ўйиндаги 3 очко билан «Пахтакор» мухлисларини табриклаймиз. «Навбаҳор» мухлисларига чиройли атмосфера учун миннатдорлик билдирамиз. Ортга тикилган билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Яхшиси, олдинга қадам ташлаш керак.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев