«Барселона» футболчиси ПСЖнинг асосий мақсадларидан бирига айланди
«Барселона» марказий ҳимоячиси Эрик Гарсия яқин йилларда Франция чемпионатига йўл олиши мумкин.
Франция матбуотига кўра, 25 ёшли испаниялик ҳимоячи 2027 йил учун ПСЖнинг асосий трансфер мақсадларидан бирига айланган. Париж клуби футболчини ўз сафида кўришни истамоқда ва унинг учун 70 миллион евродан ортиқ миқдорда таклиф беришга тайёрлиги айтилмоқда. Бу ҳақда Le Parisien нашри хабар берди.
Эрик Гарсия 2021 йилдан бери каталонияликлар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақтга қадар у жамоа таркибида 174 та ўйин ўтказган, етти марта рақиб дарвозасини ишғол этган ва шунча голга ассистентлик қилган.
Мутахассислар ҳозирда футболчининг бозор қийматини 45 миллион евро атрофида баҳоламоқда. Унинг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2031 йил ёзигача мўлжалланган.