Анвар Ғофуров: "Ўша вазият албатта муҳокамага арзийди"
- 13-апрел, 00:48
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
Суперлиганинг 7-турида "Навбаҳор" "Сурхон"ни 2:0 ҳисобида таслим қилди. Ўйиндан кейин "Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйıн ҳусусида фикрларингиз?
- Ҳар бир ўйин ўзига яраша вазифалар ва қийинчиликлар беради. Биз учрашув давомида ўйинга мос ўзгаришлар киритишга ҳаракат қилдик. Биринчи ва иккинчи бўлим учун алоҳида режаларимиз бор эди. Аммо икки нафар футболчимизнинг жароҳат олиши ўйиннинг боришини сезиларли даражада ўзгартириб юборди. Шунга қарамай, муҳокама қилиш ва ўрганишимиз керак бўлган вазиятлар бор. Ўйлайманки, бу биз учун фойдали тажриба бўлади.
- Биринчи бўлимда дарвозабон Даврон Мерганов оғир жароҳат олди. Унинг ҳозирги аҳволи қандай?
- Ўша вазият албатта муҳокамага арзийди. Дарвозабонимизга бутса тиши билан ҳаракат қилинди, аммо ҳакам томонидан фақат сариқ карточка берилди. Бу қарор тушунмовчиликларга сабаб бўляпти. Бундай вазиятлар албатта қайта кўриб чиқилиши керак.
- Каримов ва Чинедунинг захирада қолдирилиши иккинчи бўлимни кучайтириш учун режалаштирилганмиди, Чинедуда жарохат йўқми?
- Жароҳат йқ эди, бу олдиндан режалаштирилган қарор эди. Аммо футболчимиз захирадан тушиб жароҳат олгани режаларимизни ўзгартириб юборди. Умуман олганда, футболчиларимиз кучини тежашга ҳаракат қиляпмиз. Бир ойда 5–6 та ўйин ўтказиш осон эмас, шу сабаб айрим футболчиларга дам беришга ҳаракат қиламиз.
- Чемпионат бошида жамоа яхши натижа қайд этмади, аммо сиз келгач натижалар яхшиланди. Бунга нима сабаб?
- Футболда омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Олдинги мураббий ишига баҳо бера олмайман, лекин менинг фикримча, футболчиларга янги талаблар ёқяпти ва улар бунга мослашиб бормоқда. Бу эса ўз натижасини бермоқда.
- Футболчилик фаолиятингиз давомида кўплаб кучли мураббийлар билан ишлагансиз ва ҳозирда улардан ўрганган тажрибаларингизни ҳозир жамоада қандай қўллаяпсиз?
- Ҳар бир жамоани чуқур ўрганиб, шунга яраша режа тузамиз. Ҳар бир рақибнинг ўз ўйин услуби бор ва биз шу жиҳатларга қараб ўз тактикамизни мослаймиз. Мураббийлардан эса, айниқса Вадим Карленовичнинг услуби менга ёқади. Шунингдек, хорижий мутахассислардан ҳам кўп нарсани ўрганишга ҳаракат қиламан.
- Каримовнинг ҳолати хавотир уйғотмаяптими? Чинедунинг салоҳиятини қандай баҳолайсиз?
- Беҳруз Каримов биз учун жуда муҳим футболчи. Нафақат клуб, балки терма жамоа учун ҳам керакли ўйинчи. Унинг жароҳати борасида ҳозир аниқ маълумот йўқ, шифокорлар текширув олиб бормоқда, аммо оёғида оғриқ бор.
Чинеду ҳақида айтадиган бўлсам, у катта салоҳиятга эга футболчи. Ишонаман, у ҳали янада кучаяди. Аммо ўйинлар зичлиги сабаб жисмоний ҳолатини ошириш қийин, ҳозир кўпроқ тикланишга эътибор қаратиляпти.
- Захира футболчилар етарлими? Олдинда яна ўйинлар бор.
- Ҳар бир футболчимга ишонаман. Улар бекордан-бекорга бу жамоада эмас. Ҳар бир ўйинчига имконият берамиз. Ким бу имкониятдан қандай фойдаланиши ўзига боғлиқ. Ҳар бир футболчи ҳар доим майдонга тушишга тайёр бўлиши керак.