“Топ-5” лигада бунақа рекорд бўлмаган
Бундеслига чемпиони “Бавария” Европа Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ тўртинчи турини Францияда “Пари Сен-Жермен”га қарши ўтказиб, Луис Диаснинг икки голи эвазига мезбонларни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Бу натижа мюнхенликлар учун тарихий аҳамият касб этди. “Бавария” мавсум бошидан бери барча турнирлардаги ғалабалар сериясини 16 та учрашувга етказиб олиб, ўз рекордини яна янгилади.
Аввалги рекорд Италиянинг “Милан” жамоасига тегишли бўлган. Миланликлар 1992-1993 йилги мавсумни кетма-кет 13 та ғалаба билан бошлаб рекорд ўрнатган эди.
“Бавария” жорий мавсумда “Милан”нинг тарихий натижасини такрорлашдан ташқари, янги рекорд ўрнатди ва ҳозирча ҳар бир ғалабали ўйиндан кейин кўрсаткични яхшилаб бормоқда.
Transfermarkt портали ҳам бу кўрсаткич Европанинг “топ-5” лигаларидаги энг яхши натижа эканини тасдиқлади. Мюнхенликлар 16 та учрашув давомида рақиблар дарвозасини 57 маротаба ишғол қилиб, атиги 11 та тўп ўтказиб юборган.



Фикрлар