ЎзПФЛ раҳбарияти янги ташкил этилаётган "Гулистон" клуби ва унинг стадионини ўрганди ёхуд Сирдарёга катта футбол қайтмоқда
Ниҳоят, Сирдарёга ҳам яна катта футболга қайтмоқда. Яқинда хабар берганимиздек, у ерда "Гулистон" футбол клуби қайта ташкил этилмоқда. Бунинг учун раҳбарият шакллантирилган ва ҳатто бош мураббий ҳам тайинланган. Гулистон шаҳридаги стадион эса қайтадан реконструкция қилинмоқда. Вилоятда футболни тиклаш учун аллақачон амалий ишлар бошлаб юборилгани қувонарли, албатта.
Сирдарёдаги бундай ўзгаришлар ЎзПФЛ раҳбариятини ҳам қувонтирмасдан қолмайди. Шу мақсадда ташкилот директори Диёр Имомхўжаев бошчилигидаги делегация ушбу вилоятда бўлиб қайтди. Уларнинг ташрифи борасида вилоят футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Гулистон” футбол клубини ташкил этиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Мазкур жараён доирасида профессионал Футбол Лигаси (ПФЛ) вакиллари янги мавсум олдидан клубнинг лигадаги иштироки билан боғлиқ муҳим масалаларни муҳокама этиш мақсадида Сирдарё вилоятида бўлишди.
Хизмат сафари давомида ЎзПФЛ директори Диёр Имомхўжаев вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида янги ташкил этилаётган “Гулистон” футбол клубининг профессионал лига мусобақаларидаги иштироки, узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ҳамда ҳудуд футболини янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, ЎзПФЛ томонидан Сирдарё вилоятида катта футболни қайта тиклаш йўлида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Гулистон шаҳридаги марказий стадионда олиб борилиши режалаштирилган таъмирлаш ва модернизация ишлари жойида ўрганилиб, лига регламентларига тўлиқ мослаштириш бўйича зарур талаб ва таклифлар билдирилди.
Ушбу жараёнда стадион инфратузилмасини замонавий стандартларга мос ҳолга келтириш, мухлислар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда мусобақаларни юқори савияда ўтказиш мақсадида мутахассислар томонидан амалий тавсиялар берилди.
Мазкур ташриф Сирдарё вилоятида профессионал футболни ривожлантириш, “Гулистон” футбол клубининг барқарор фаолиятини йўлга қўйиш ва яқин келажакда юртимиз футбол харитасида муносиб ўрин эгаллаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.



Фикрлар