
Терма жамоамиз Филиппинга йўл олди
Соҳил волейболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Филиппинда ўтказиладиган ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
23 мартдан бошлаб, соҳил волейболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 20 га яқин давлат вакиллари билан биргаликда халқаро машғулотларга киришди. Йиғин давомида ҳамюртларимиз Филиппин, Япония, Эрон, Хитой каби мамлакат миллий терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишни режалаштирган.
Жорий йилнинг 2 апрелидан соҳил волейболи жамоалари Филиппиннинг Нували шаҳри, Санто-Роза музофотида ташкил этиладиган эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасидаги Осиё волейбол федерациясининг катта халқаро турнирида ўз иштирокларини бошлайди.
Айтиш лозим, “AVC BEACH TOUR” номи билан аталадиган мазкур мусобақа эркаклар ва аёллар жамоалари учун Осиё ва Олимпия ўйинлари йўлида муҳим рейтинг очколарини тақдим этиши билан аҳамиятли саналади.
Аёллар баҳсида 20 та мамлакат вакиллари қаторида ҳамюртларимиз Зарнигора Асқарова/ Нозимахон Жамолова жуфтлиги ғолиблик учун кураш олиб борса, эркаклар жамоалари мусобақасида 24 та жуфтлик қаторида терма жамоамиз аъзолари Дилшодбек Толибоев/Азамат Даулибоев ва Ғолибжон Мустафоев/Нодиржон Алексеев баҳсларда ўз омадларини синовдан ўтказади.
Осиёнинг энг кучли жамоаларини аниқлаш йўлида ташкил этилаётган халқаро турнир мусобақалари 5 апрелга қадар давом этади.
Comments