Февзи Давлетов: "Менимча, барча жамоалар уни хоҳлайди"
Суперлиганинг 28-туридаги сўнгги ўйин Термизда бўлиб ўтди. Унда "Сурхон" жамоаси муддатидан олдин Суперлигани тарк этган "Шўртан"ни қабул қилди.
Учрашув тақдирини биргина гол ҳал қилди ва бу майдон эгалари томонидан киритилди.
Беллашувдан кейин "Сурхон" бош мураббийи Февзи Давлетов матбуот анжуманида қатнашди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи таймда етарли даражада вазиятлар яратдик, фақат фойдаланиш керак эди. Шунда иккинчи бўлим биз учун янада осон ўтарди. Танаффусдан кейин ҳам барқарор ўйин намойиш этишга ҳаракат қилдик, сабр қилиб охиригача кутдик. 1:0 ҳисобида ғалабага эришдик ва навбатдаги уч очкони қўлга киритдик. Ҳаракат қилишда давом этамиз. Ўйлайманки, ҳаммада кайфият яхши. Ўйин оғир бўлишини футболчиларга айтгандик, чунки "Шўртан" асосий этиборни ҳимояга қаратишини билардик. "Шўртан" билан ўйинлар осон бўлмаяпти, деб бемалол айта оламан.
- Асилбек Жумаев иккинчи бўлимда майдонга тушди. Бу нима билан боғлиқ?
- Биз Асилбекни атайин иккинчи бўлимга сақлаб қўйдик. У захирадан майдонга тушиб ўйинни кучайтиради, деб ўйлагандик ва шундай бўлди ҳам. Баҳсни асосий таркибда бошлаган Асадбек Каримовнинг ҳам ҳаракатларидан кўнглимиз тўлди. У кам амалиётга эга бўлмоқда, шу боис майдонда синаб кўришга қарор қилдик. Асилбек Жумаев энди олимпия терма жамоамиз сафига йўл олади ва 19 ноябрь куни жамоамизга қайтади.
- Мавсум тугашига оз қолди. Рустам Турдимуродов жуда яхши мавсумни ўтказяпти, у келаси йил ҳам жамоада қоладими?
- Мен учун бу ҳақда гапириш қийин. Чунки жамоамизда муаммолар кўп ва тез орада бартараф этилса керак. Турдимуродов зўр футболчи ва менимча, барча жамоалар уни хоҳлайди. Ҳаммаси яхши бўлса, албатта сафимизда олиб қоламиз.



Фикрлар