Кападзе: "Каннаваронинг ўз иш режалари бор, менинг режа ва фикрларим бор"
Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги учун интервью бериб, Ўзбекистон терма жамоамиздаги лавозимини тарк этгани ва бошқа қизиқарли саволларга жавоб бериб ўтди.
"Биринчи навбатда раҳбариятга шу лавозимни таклиф қилишгани учун миннатдорчилик билдираман. Ушбу вақт давомида мутахассисларнинг ва мухлисларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилдим. Шунингдек, Жаҳон чемпионатига йўл олганимиздан жуда хурсандман.
Янги мураббий келаётганда юқоридагиларга мен навбатдаги икки йиғинда унга мослашиб олиши учун ёрдамлашиб юбораман, кейин эса шахсий ўз ишимни давом эттираман, деб айтган эдим. Улар ҳам рози бўлишди".
Ҳозирги кунда менга яхши таклифлар бор. Кўрамиз, қаерга борсам ҳам албатта ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан".
Жаҳон чемпионатига бориш ниятингиз бор эди? Бу режангиздан қайтдингизми?
"Албатта, ҳар бир мураббий Жаҳон чемпионатида ишлашни хоҳлайди ва бунга ҳаракат қилади. Янги мураббий келди, унинг штабида бўлишим мумкин эди. Лекин кўп ўйлаганимдан сўнг шу қарорга келдим. Яъни мен қолсам, мен ҳам, Фабио ҳам ўзини ноқулай ҳис қилади. Каннаваронинг алоҳида фикрлари, идеалар бор. Менда ҳам шундай".
Сиз қайсидир терма жамоани ёки клубни бошқаришни хоҳлаяпсизми?
"Ҳозирги кунда терма жамоа билан ҳам қолишим мумкин эди. Лекин айтганимдек, ўз идеаларим ва фикрларим бор. Шунингдек, ўз устимда ишлашни истаяпман".
Терма жамоани 10 ой бошқардингиз ва жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқдингиз. Бундан ташқари, халқаро турнирда ҳам ғолиб бўлдингиз. Бошқа мураббийларнинг ишлаш давомийлиги билан таққосласак, сиз анча муваффақиятли мураббий бўлиб чиқасиз. Шу ҳақида фикрингиз?
"Нафақат миллий балки Олимпия терма жамоаси ҳам турибди. 4 йил давомида ўз вазифамизни бажардик. Биринчидан Жаҳон чемпионатига, сўнгра Олимпиадага чиққанимиз билан мухлисларимиз ва раҳбарларимиз олдидаги юзимиз ёруғ бўлди".
Сиз терма жамоани 4 та расмий учрашувда бошқардингиз. Қайси бирида ўз режаларингиз амалга ошди ва қайси тўқнашувларда адашибман, деб фикр туғилди?
"Биласиз, мен жамоани қишдаги йиғинда қабул қилиб олдим. Ўша пайт олдимизда муҳим учрашувлар кутиб турган эди. Вақтимиз ҳам жуда оз эди. Мен терма жамоада ўйнаганман ҳам, мураббий ва ёрдамчи мураббий бўлиб ҳам ишлаганман. Лекин у пайтда олдимизга қўйилган асосий вазифа бу - натижа эди!".
Жаҳон чемпионатига бир неча кундан сўнг қуръа ташланади. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон терма жамоамиз қандай натижа қайд этади?
"Биринчи навбатда гуруҳдан чиқади деб умид қиламан. Бунга кучи ҳам етади деб ўйлайман. Лекин бу қуръага ҳам боғлиқ. Сабаби, навбатдаги турнирда жамоаларнинг сони жуда кўп".
Ўзбекистонда қолиб Суперлига клубини бошқарсангиз, уларга қандай талаб қўйган бўлар эдингиз?
"Албатта, мақсадга қараб танлашим мумкин. Чунки мақсад қанчалик яхши бўлса, сафар ҳам, иш ҳам жуда қизиқарли бўлар эди".



Фикрлар