
"Таваккал қилмасангиз тарих ярата олмайсиз" ёхуд Шерзод Темиров яна Гонконгда қоладими?
Гонконгнинг етакчи клубларидан бири – “Китчи” таркибида тўп сурган ҳужумчимиз Шерзод Темиров яқинда эркин агентга айланди.
У ушбу жамоа сафида ўтган вақт давомида 52 та учрашувда 23 та гол урди. Темиров ҳозир ёзги таътилда.
Куни кеча футболчи Sports.uz журналистига интервью берди.
- Шерзодбек, “Китчи” клуби билан хайрлашдингиз. У ердан кетишингиз фақат шартномангиз тугагани билан боғлиқми ёки бошқа сабаби ҳам борми?
- Аввало, барча ўзбекистонлик футбол мухлисларига салом. Хабарингиз бор, амалдаги клуб билан тузилган шартномам ўз ниҳоясига етган. Менга янги шартнома бўйича таклиф қилишган, оғзаки келишувимиз бор. Лекин мен вариантларни кўриб чиқишимни клубга айтганман. Чунки таваккал қилмасангиз тарих ярата олмайсиз. Фақат олдинга интилиш керак, деб ўйлайман.
- У ердаги салкам бир ярим йилдан ортиқ вақт давомида ўтказган фаолиятингиз нимаси билан ёдингизда қоладиган бўлди?
- Менга ишониб клубга таклиф қилган жамоа президентига раҳмат айтаман. Клубда яхши хотиралар билан эсда қоладиган бўлди. Бу “Атлетико” жамоаси ва яна бошқа номдор клублар билан ва икки бор мамлакат Кубоклари ғолиби бўлганим билан ҳам эсда қолади. Бу даражага чиқишимда яқиндан ёрдам ва маслаҳат бериб қўллаб-қувватлаган ота-онамга қанча раҳмат айтсам ҳам кам деб ўйлайман.
- Гонконг футболи деганда кўз олдингизга биринчи навбатда нима келади?
- Бу лигада кўпроқ техник ва тактик ўйинга қаратилган футбол. Ёдда қоладиган нарсалардан бу - футбол учун яратилган шароитлар. У ерда сиз бошқа жойларга бориб юрмаймиз, ҳаммаси клубни ўзида мужассам.
- У ерда сиз учун энг ёқимли ва ёқимсиз ўйинлар бўлдими?
- Ўйинга ҳалал берадиган ёқимсиз ўйинлар кўрмадим. Фақат футбол ўйнаш керак. У ерда барча шароитлар сиз учун яратилган ва сиз буни қадрлаб ўз иқтидорингизни кўрсатишингиз керак, холос.
- Гонконгни бошқа клубларидан таклифлар бормиди? У ерда қолишингиз мумкинмиди ёки истамадингизми?
- Таклифлар ҳозир ҳам бор. Буни вақт кўрсатади. Мени мақсадим терма жамоага қайтиб, юртимиз байроғини ҳимоя қилиш, Худо хоҳласа.
- Кейинги режангиз қандай? Ўзбекистон чемпионатига қайтмоқчимисиз?
- Олдиндан ҳеч нима деб айта олмайман. Энг яхши ва маъқул таклифни танлаймиз.
- Сир бўлмаса, ҳозирда сизга қаерлардан таклифлар бор?
- Вариантлар бўляпти. Худо хоҳласа, ҳаммасини вақт кўрсатади.
Фикрлар