
“Сити”: Футболчи керакми, пулдан яна қўш!
“Манчестер Сити”нинг асосий дарвозабони ўзгарадиган кўринади. 2017 йилдан “шаҳарликлар” дарвозасини қўриқлаб келган Эдерсон Туркияга йўл олиши кутилмоқда.
Бразилиялик дарвозабонни ўз сафига чорлаётган “Галатасарой” аввалги таклифини янгилаб, “Манчестер Сити”га янги сумма тақдим этди.
Sky Sport Germany журналисти Флориан Плеттенберг тарқатган хабарга кўра, истанбулликлар 32 ёшли голкипер учун 10 миллион евро атрофида маблағ тиккан. Бироқ бу нарх ҳам “Манчестер Сити” раҳбариятини қониқтирмади.
Сўнгги маълумотларга қараганда, манчестерликлар тажрибали футболчини янада қимматроқ нархга сотиб юбормоқчи.
“Галатасарой” Эдерсон билан шахсий шартнома шартларини келишиб бўлган. Дарвозабон тиббий кўрикдан ўтишга ва янги жамоаси сафига қўшилишга тайёр.
Фикрлар