
"Шўртан" илк ғалабасини қандай қўлга киритди?
Суперлиганинг 10-тури доирасидан ўрин олган “Шўртан” ҳамда “Андижон” иштирокидаги ўйинга ҳам эътибор катта эди. Боиси, “Бургутлар”га Максим Шацких бош мураббий этиб тайинлангани сабабли қизиқиш янада ортди.
Шу билан бирга “Андижон” сафида йўқотишлар ҳам бор эди. Жумладан, Фарҳод Соҳибжонов, Лука Ускокович, Мирзад Механович каби футболчилар жароҳати сабабли ёрдам бера олмадилар. Муҳаммадкарим Тоиров ҳам ҳали жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлгани йўқ.
Максим Александрович 14 май куни расман ишга киришди ва орадан уч кун ўтиб дастлабки расмий учрашувини ўтказди. Афсуски, “Шўртан”га қарши баҳсда ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилди ва бу мезбонлар томонидан киритилди. Ўйин ритмига таъсир кўрсатган яна бир омиллардан бири шу бўлдики, биринчи бўлим охирларида Миомир Журичкович майдондан четлатилди. Бош ҳакам ВАР орқали суҳбатлашгач, шундай қарорга келди. Ҳа, ўйин қоидаси бузилиши бор эди, бироқ бу қизил карточкага тортармиди? Бош ҳакам эса ВАРни кўргач, четлатишга қарор қилди. Шунингдек, орадан кўп ўтмасдан Рустам Турдимуродовга ишлатилган қўполлик сабабли ҳакам рақиб ўйинчисига тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди. Лекин ВАР аралашувидан сўнг бош ҳакам қарорини ўзгартириб қизилни сариққа айлантирди.
Умуман олганда, ўйин очиқ ва ҳужумкор руҳда ўтди. Бир вазиятда Ислам Машуковда гол уриш учун яхши имконият бўлди, бироқ дарвозабон хавфни бартараф қилди. Иккинчи бўлимда “Бугутлар” бир футболчи кам бўлиб қолганида ҳам рақибдан бўш келмади ва рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни яратишга ҳаракат қилди. "Шўртан"да ҳам голли имкониятлар юзага келди. Учрашув охирига қадар ўйинда бурилиш ясаш учун ҳужумлар уюштирилди. Баҳс охирида Дониёр Абдуманноповнинг яқин масофадан йўллаган зарбаси устунга тегиб майдондан чиқиб кетди.
Шацкихга бироз вақт керак ва футболчиларга унинг ўйин услубини тўлиқ ўзлаштиришлари ҳам бирданига содир бўлмайди. Ҳа, мағлубият ҳар доим ёқимсиз ва аламли. Лекин бу албатта вақтинчалик. Янги мураббийлар бошчилигида “Андижон” ҳали албатта ўз сўзини айтади. Шунчаки, футболда омад деган тушунча ҳам бор. “Шўртан”га қарши беллашувдан мураббийлар ўзлари учун хулосалар чиқаришгани табиий. Ўйиндан-ўйинга жамоа янада кучайиб боради. "Шўртан" ҳам Суперлигадаги дастлабки ғалабасини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
“Шўртан” – “Андижон” – 1:0 (1:0).
17 май. Ғузор. “Марказий” стадиони. 4186 томошабин.
Ҳакамлар: Рустам Чориев, Акмал Ғиёсов, Дилшод Жуманиёзов
Захира ҳаками: Ринат Серазетдинов
ВАР: Иброҳим Исмоилов
АВАР: Алишер Раҳимқулов
Назоратчи: Тимур Абдуллаев
Комиссар: Владимир Назаров
“Шўртан”: Шохруҳ Эшбўтаев, Шохжаҳон Султонмуродов, Улуғбек Худойбердиев, Сирожиддин Қўзиев, Шахбоз Нуриддинов (Асадбек Саитхонов, 60), Темур Мамасидиқов, Жўрабек Маннонов (Аброр Тошқўзиев, 68), Дониёр Нарзуллаев (Чориёр Турсунқулов, 79), Бекжон Раҳматов (Камрон Сайдазимов, 68), Ғанишер Қодиров (Муродхўжа Жабборов, 79), Азизбек Пирмуҳаммедов.
“Андижон”: Валижон Раҳимов, Ислом Маматказин, Алтин Крезиу, Абдураҳмон Комилов (Абдулвоҳид Ғуломов, 90+1), Олег Зотеев, Миомир Журичкович, Илҳом Абдуғаниев (Дамир Темиров, 90+1), Дониёр Абдуманнопов, Бектемир Абдуманнонов (Усмонали Исмоналиев, 65), Рустам Турдимуродов, Ислам Машуков (Искандар Шойқулов, 46).
Гол: Дониёр Нарзуллаев, 33 – 1:0.
Огоҳлантиришлар: Бекжон Раҳматов, 45+5 – Дониёр Абдуманнонов, 24. Олег Зотеев, 90+3.
Четлатиш: Миомир Журичкович, 40.
Фикрлар