Шомуродов қаҳрамон бўлган ўйиндан кейин “ишкал” чиқди...
Туркия чемпионатнинг 10-турида “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси сафар учрашувида “Антальяспор” жамоаси билан куч синашиб, рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритган эди.
Ўша баҳс қаҳрамони Элдор Шомуродов бўлди. 30 ёшли ҳужумчимиз 22-дақиқада ҳисобни очишдан ташқари, 88-дақиқада дубль қайд этиб, якуний ҳисобни ҳам ўрнатди – 4:0.
Бироқ кейинги турда “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Кожаэлиспор” жамоасини яна Шомуродовнинг ягона голи эвазига мағлубиятга учратди.
“Антальяспор” эса, бу гал”Эюпспор” майдонида кичик ҳисобдаги ғалабага эришди. Айнан мана шу баҳсдан кейин антальяликлар бош мураббийи Эрол Булутнинг баёноти “Башакшеҳир”да кескин норозилик уйғотди.
Туркиянинг бир неча манбалари тарқатаётган маълумотларга қараганда, Эрол Булут “Эюпспор”га қарши ўтказилган учрашувдан кейинги матбут анжуманида “жамоасидан кимдир ички маълумотларни “Башакшеҳир”га тарқатгани ва улар Шури Шахинга етиб боргани”ни иддао қилган. Ўзаро учрашувдаги мағлубият сабабини мана шу ҳолатга боғлаган.
Бу вазият бўйича “Башакшеҳир” расмий муносабат ва раддия билдиришига тўғри келди.
- Туркия Суперлигасининг 11-туридан ўрин олган “Эюпспор” ва “Антальяспор” учрашувидан кейин “Антальяспор” бош мураббий Эрол Булут “кимдир унинг жамоасидан маълумот сиздиргани” ҳақида таъкидлади. Шу муносабат билан “Истанбул Башакшеҳир” клуби қуйидаги баёнотни беришни зарур, деб топди.
Биз “Истанбул Башакшеҳир” клуби сифатида ҳар доим ахлоқий қадриятларни қадрлашга, фэйр-плей ва турк футболи репутациясини биринчи ўринга қўйишга ҳаракат қилиб келамиз.
Бош мураббийимиз Нури Шахин ва унинг жамоаси, бор диққат-эътиборини фақат меҳнат қилишга, клубимизни ривожлантиришга, майдонда курашишга қаратган. Бу жараёнда улар юқорида айтилган учрашув олдидан рақиб ҳақида ҳеч қандай маълумот ва ҳужжатларни олмаган.
Биз ҳар бир томон турк футболи обрўсига путур етмаслигини таъминлаш учун баёнотларига масъулият билан ёндашиши зарур деб ҳисоблаймиз ва жамоатчиликни тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасдан, эътиборларини футбол гўзаллигидан баҳра олишга қаратишга чақириб қоламиз, - дейилади “Башакшеҳир” тарқатган баёнотда.
Ўз навбатида, “Истанбул Башакшеҳир” бош мураббийи Нури Шахин ҳам ҳамкасбининг гапларига жавоб қайтарди.
- Мен ҳаётим давомида ҳеч қачон спорт руҳиятига қарши бўлган жараёнларда қатнашмаганман, ҳеч қачон паст кетмаганман. Ундан ҳам муҳими шуки, менинг жамоамдаги дўстларим туну кун тинимсиз меҳнат қилаётганига қарамай, мана шунақа сиёсатга тўқнаш келяпти, - деди Нури Шахин.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов ёзги трансферлар ойнаси пайтида “Рома”дан “Истанбул Башакшеҳир”га кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан бир мавсумга ижарага олинган. Легионеримиз янги жамоасининг асосий ўйинчиси ҳисобланади. Туркия чемпионатида 11 та учрашув еттита гол урган ва битта ассистни амалга оширган ҳамюртимиз Суперлига тўпурарлари пойгасида пешқадамлик қилмоқда.



Фикрлар