
Сергей Лушчан: "Футболчилар кўрсатмаларимизни 90 фоизга бажаришди"
“Андижон” - “Навбаҳор” (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Сергей Лушчан қатнашди.
- Қийин ўйин бўлди. Айниқса, “Андижон” билан ҳамиша оғир ўйинлар бўлган. Бу дерби, ҳамиша асабий ва курашларга бой ўйин бўлади. Ҳар қандай ҳолатда йигитларга раҳмат. Футболчиларга кўрсатмаларимизни 90 фоизга бажаришгани учун миннатдорчилик билдираман. Иккита дурангдан сўнг ўйинчиларга хотиржам бўлишларини алоҳида таъкидладик, керакли кўрсатмаларни бердик. Ўйинларимиз ўхшамаган пайтда уларга керакли тушунчаларни бера олдик. Ўйлайманки, бу ғалаба жамоамизни кейинги ўйинларда янада шакллантиришга замин яратади. Бундай натижалардан сўнг жамоа шаклланиб, яна ижобий натижаларга эришамиз.
- Ўтган турдаги таркибга нисбатан бир қатор ротацияларга қўл урдингиз...
- Мен ҳақида аввалги матбуот анжуманида айтгандим. Бизда бир қатор муаммоларимиз бор эди. Йиғинда асосий таркибни кўплаб ўйинчилари қатнашишмади. Шу сабабли йиғинимиз кўнгилдагидек ўтмади ва бу ҳолат ўйинга ўз таъсирини кўрсатишини билгандик. Шу боис ўйинларимизда муаммолар пайдо бўлди. Бундай ғалабадан сўнг ўйинимизни яхши томонга ташкил қилиб, вазиятни яна ижобий тарафга ўзгартирамиз. Ҳозирча бир қатор ўйинчиларга 20, 30 ёки 40 дақиқа ўйнашга имконият беришга мажбур бўляпмиз. Аста-секин ўйинларимизни шакллантириб оламиз. Чўчиб тургандик. Чунки Болтабоев кўп вақт майдонга тушмаганди. Аста ўйинини топиб боряпти. Тўғри, бизда иккита ўйин ўхшамади. Буни туб сабабларини тушуниб етдим. Бу борада етарлича иш олиб боряпмиз.
- Кўриниб турибдики, натижадан қониқдингиз, ўйинданчи?
- Ўйиндан ҳам мамнунман. Футболчилар кўрсатмаларни бажаришди ва рақибнинг кучли ҳамда кучсиз томонларини тўғри баҳолашди. Шу боис мақсадимизга эришдик, чиройли гол ҳам урдик. Жамоа ютса барчаси унутилади, натижа қолади. Биз янги жамоа тузяпмиз. Аста-секин олдинга қараб боряпмиз. Эътибор берган бўлсанглар, ёш футболчиларни ҳам майдонга туширдик, бизда потенциал бор. Бундай қийин учрашувларда мана шундай ёшларни ҳам майдонга тушириш ва ишонч билдириш керак.
- Жамоа сардори Азим Аҳмедов нега майдонга тушмади?
- Бизда рақобат муҳити бор. У жамоамиз сардори. Менинг қарашим бўйича майдондаги учта бразилиялик ёмон ҳаракат қилмаяпти. Азим Аҳмедов хоҳлаган вақтда уларнинг ўрнини босиши мумкин. Уни бир қанча плюс томонлари ҳам бор. Камчилиги ҳам йўқ эмас. Биласизми, мураббий учун захира ўриндиғида ҳар қандай ҳолатда майдонга тушиб ўйнаб кетадиган ўйинчиси бўлса бу фақат яхши бўлади. Ҳаётда ҳам, майдонда ҳам лидер. Шундай экан, уни борлиги биз учун фойда.
Фикрлар