
Рўзиқул Бердиев: "Каннаваронинг маҳаллий ўйинларни кўриб бориши ёқимли"
Суперлиганинг 25-турида “Насаф” ўз майдонида “Қўқон-1912”ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйиндан сўнг мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
- Мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Йигитллар катта куч беришди, кўп меҳнат қилишди. Барчамизга ғалабани тақдим этишганидан хурсандмиз. Кўп жамоалар нафақат биз билан ўйинда, балки Ўзбекистонда шундай тендеция бўляптики, 5 та ҳимоячи билан ўйнашяпти. Кеча санаб чиқдик, кўпроқ клублар 5 та ҳимоячига ўтиб олишган. Бундай вазиятларда тезкор гол, рақибни хато қилишга мажбурлаш керак ва кейин вазифангиз енгиллашади. Стандарт вазият ишладик. Шундан кейин рақиб очилишга ҳаракат қилди. Қарши ҳужумларда яна ҳаракат қилдик. Бундай ҳолатларда ҳужумчиларимиз қанчалик қийин бўлса ҳам кўпроқ вазият излашлари керак бўлади. Бугун буни яхши амалга оширишди.
- Чоловични позицияси ўзгарди. У энди янги позицияга ўтдими?
- Баъзи-бир учрашувларда бу схемада ўйнаяпмиз. 4-3-3 схемаси, фақат жойлашувида озгина фарқ қилади. Бу позицияда машғулотларда ишладик. “Бухоро” жамоасига қарши ҳам шундай ўйнагандик. Қаердадир қўл келяпти ва рақибга ноқулайлик туғдиряпти. Уни позициясини ўзгартирдик, ёмон ўйнамади. Шерзод кўп ўйин ўтказди, кеча эрталаб етиб келди. Ҳолати унчалик яхши эмасди. Ўйинга яхши қўшилди ва голи билан учрашувга нуқта қўйди.
- Уч нафар ўйинчимиз миллий терма жамоада бўлганида тақвимдаги ўйин кўчириларди. “Насаф”га қисқа муддатда 5 та футболчи етиб келди. Бу борада адолат бўлиши керакми?
- Биз мурожаат қилдик. Умар Эшмуродов билан Хусайн Норчаев чақирилгандан кейин мурожаат қилиб кўрдик, ПФЛга ҳам, терма жамоага ҳам. Аммо ўйин санасига анча яқин қолганлиги учун “Қўқон-1912” жамоасига ҳам мурожаат қилганимиздан сўнг бу ўйин қолдирилмаслиги аниқ бўлди. Футболчиларни ушбу учрашувга ҳолатлари ҳар хил бўлса ҳам ғалаба қозонишимиз муҳим эди. Ўйинчиларни ҳолатини ҳисобга олиб ички имкониятимиздан фойдаландик. 5 та ўйинчи терма жамоага борган, Сардор олимпия термасида эди. Футболчиларни ҳолати ҳар хил бўлгани боис бу ташвишли вазият эди. Учрашув муҳимлиги учун ўйинчиларни имкон қадар тайёрладик ва уларга миннатдорчилик билдирдик. Майдонда яхши ишлашди.
- Чемпионат сўнггида “Насаф” учун оғир мавсум бўляпти. Лекин пешқадамликни сақлаб келяпти. Яна чемпион бўлса хурсандчилик бўларди...
- Яхши ниятлар учун раҳмат. Футболчиларни ҳам, мураббийларни ҳам, клубни ҳам асосий мақсади шу. Чемпионликни ҳимоя қилишни олдимизга мақсад қилгандик. Ўйлайманки, охири ҳам биз кутгандек бўлади. Бу осон бўлмайди. Чунки рақиб жамоалар ҳам қараб туришгани йўқ. Мавсум охирида биз янада жипслашиб, яхши тугатишимиз керак.
- “Насаф”нинг Элит ОЧЛда навбатдаги ўйини БААнинг “Ал-Шабаб” клубига қарши бўлиб ўтади. Кейинги рақиблар олдингиларига қараганда у даражада эмас. Шу ўринда нимани кутяпсиз?
- У даражада деб бўлмайди. “Ал-Шабаб”ни савияси “Ал-Ҳилол”ники каби. “Ал-Ҳилол”да маҳаллий терма жамоа ўйинчилари ҳам бор эди. “Ал-Шабаб”да эса маҳаллий футболчи жуда кам. Легионерларга қарши ўйнашимиз керак бўлади. Муносиб қатнашишни ният қилганмиз. Рақиблар жиддийлигини кўриб турибсизлар. Ҳар бир ўйинга йигитларни яхши натижаларга эришиш учун тайёрлаб борамиз.
- Сафар олдидан “Насаф”да йўқотишлар йўқми?
- Бугунги ўйингача йўқотишлар бор эди. Охирги учрашувларда Сиддиқов билан Муҳитдинов жароҳат олишганди. Икки кун аввал умумий гуруҳга қўшилишди. Бу сафар уларни таваккал қилмадик. Кейинги ўйингача яхши ҳолатга келиб оладилар. Асосий футболчиларимиздан бири Муродни йўқотдик. Акмал кетганидан кейин Мурод бу позицияда ўзини яхши тарафлама кўрсатаётганди. Ҳаракатлари ҳаммадан юқори эди. Ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Уни кейинги ўйинларга тайёрлашга умид қиламиз.
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи ўйинни стадионда кузатди. Уни келиши эвазига футболчиларни кўпроқ ўзларини кўрсатишни хоҳлаганларини сездингизми?
- Терма жамоамиз мураббийларини маҳаллий ўйинларини кўришлари ёқимли. Футболчиларни ўзи кўриб олса, қўшимча маълумотларга эга бўлади. Балки бу учрашувда футболчилардан кимдир уни келганини билгандир. Менга ҳам хабар беришганди. Аммо йигитлардан ўйинга эътибор қаратишларини талаб қилдик. Ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишлари табиий. Аммо қаердадир бу халақит қилиши ҳам мумкин. Қайсидир футболчимиз терма жамоамиз мураббийига ёққан бўлса, имкониятларини кўриб олди.
Фикрлар