"Рад эта олмайдиган таклиф беришди". Легионеримиз энди ўз чемпионатининг энг зўр жамоасида ёхуд барчаси қандай юз берди?

  • 9 октябрь, 2022, 09:30
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
BEPUL PROPAN

Ўтган йилдан бери Бангладеш чемпионатида фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Асрор Ғофуров клубини ўзгартиришга қарор қилди. Бунга қадар у маҳаллий “Саиф Спортинг” клубида тўп сурди.

Ўз ўйинлари билан маҳаллий мухлис ва мутахассисларнинг эътиборини қозонди. Натижада унга мамлакатнинг энг кучли клуби – “Башундхара Кингс” клубидан жиддий таклиф бўлди.

Ғофуров эса ушбу чорловни қабул қилди. Барча расмиятчиликлар ҳал бўлгач, футболчи Sports.uz сайти учун барчаси қандай рўй бергани ҳақида гапирди.

Клубини ўзгартиргани ҳақида

- Жамоамни ўзгартиришимга сабаб, “Саиф Спортинг” билан шартномам тугади. Ушбу битим тугашидан олдинроқ менга таклиф бўлди. “Башундхара Кингс” Бангладешнинг энг зўр клуби. Чемпион жамоа сафига ўтдим. Яхши таклиф бўлди. Рад эта олмайдиган таклиф беришди. Шунинг учун ҳам клубни ўзгартирдим.

Суперлигамиздан таклиф бўлдими?

- Ўзимиздан ҳеч қанақа таклиф бўлгани йўқ. Ҳозир чемпионат давом этяпти. Тўғрисини айтсам, Суперлигамизга қайтиш айни пайтда режамда йўқ эди. Чунки Бангладешдан аниқ ва жиддий таклиф турганди. Ҳа, менга яна бошқа мамлакатлардан чақирувлар бўлди. Аммо мен бу пайтга келиб Бангладеш клуби билан шартнома тузиб бўлгандим.

асрор1_1

Биздаги жамоалар билан таққослаганда

- Тўғри, “Башундхара Кингс” Бангладешнинг энг яхши жамоаси. Охирги уч йилдан бери чемпион бўлиб келяпти. Ўзимиздаги клублар билан солиштирсам, футбол муҳити ва ўйинчилар сифати бўйича таққосламоқчи эмасман. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Бироқ молиявий жиҳатдан, профессионализм ва ташкилотчилик тарафидан анча-мунча жамоаларимиздан яхшироқ. Ойлик маошлар вақтида, легионерларга жуда яхши шароитлар яратилади. Стадион, база каби масалаларда ҳам Суперлигамиздаги анча-мунча клублардан устун деб ўйлайман. Албатта, “Пахтакор”, “Насаф” сингари ўзига тўқ клублар билан солиштирмоқчи эмасман. Аммо пастки ўриндаги жамоаларнинг бир нечтасидан яхшироқ.

Ойлик маош қанча?

- Ўзимнинг иш ҳақим тўғрисида ҳеч нима дея олмайман. Бу нарса бизда сир тутилади. Албатта, Ўзбекистон билан солиштирганда фарқи бор. Биласиз, ўзимизни чемпионатда мен “Пахтакор”, “Насаф” ёки бошқа кучли клубда ўйнамадим. Бангладешда легионер сифатида ўйнаяпман. Барибир легионерларга кўпроқ ҳақ тўланади. Биздаги муаммолардан бири келишилган шартнома бўйича маошлар вақтида берилмайди. Мана шу камчиликни ҳисобга олмаганда, мен кўрган лигалар орасида барибир ўзбек чемпионатини энг яхшиси деб ҳисоблайман.

асрор2_2

Бангладешда футболчи сифатида қандай ўсмоқчи?

- Тўғри айтасиз, Бангладешда ўйнаб тажриба оширишингиз қийинроқ. Лекин ўзингиздаги бор тажриба ва маҳоратни ишга солиб, ўша темпни пасайтирмаслик учун ҳаракат қилинади. Ўйинингиз пасаядими ёки кучаядими, Ўзбекистонда ўйнайсизми ё Бангладешдами, қаерда бўлсангиз ҳам барибир биринчи навбатда молиявий ҳолатга эътибор қаратилади. Биз футболчимиз. Футболни 20-30 йил эмас, балки 10-15 йил ўйнаймиз. Ўша муддат ичида ўзимизни молиявий тарафдан барқарорлаштириб олишга ҳаракат қиламиз. Албатта, ўйинимиз пасайиши ҳавотирга солмаслиги учун кўпроқ курашамиз.

Футболчимизга ўзи кутмаган қандай шароитлар яратилган?

- Янги клубим билан бир йиллик шартнома туздим. Ўзим кутмаган қандай шароитлар яратиб берган? “Саиф Спортинг” ажратган уйдан кўра, бу ерда каттароқ уй беришган. Менга алоҳида ҳайдовчи ажратилган. Қаерга хоҳласам ўша ерга олиб бориб келади. Уйимга алоҳида хизматчи ҳам берилган. Хуллас, олдинги клубимдан яхшироқ.

асрор3

Янги режа ва мақсадлар

- Янги мавсум 10 ноябрдан кейин бошланади. Машғулотларга киришганмиз. Бангладешда учта Кубок ва битта чемпионат ўтказилади. Биз барча турнирларда муваффақиятли қатнашиб, ғолиб чиқмоқчимиз. Шунингдек, жамоамиз Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффида ўйнайди. Агар ютсак, гуруҳ босқичига чиқамиз. Осиё Чемпионлар лигаси ёки ОФК Кубогида иштирок этадиган бўлсак, иложи борича узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз.

Нега яна 77-рақам?

- Ҳа, мен янги клубимда ҳам 77-рақамни олдим. Анчадан бери шу рақам остида ўйнаб келяпман. Ўзбекистонда ҳам шунда тўп сурганман. Тўғрисини айтсам. бу ўзимга ёқадиган рақам. Бошқа сабаби йўқ, фақат менга ёққани учун доим шу рақамни танлаб келаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!