Миржалол Қосимов: "Икки дақиқа ичида ўйинни ҳал қилиб қўйишди"

CHERY AUTO

Ўзбекистон Кубоги нимчорак финалида ОКМК жамоаси ўз юришини тўхтатди. Ўз уйида “Бухоро”га қарши “меҳмон” сифатида ўйнаган Миржалол Қосимов жамоаси 3:1 ҳисобида мағлубиятга учради ва мусобақани тарк этди. Беллашувдан кейин ОКМК устози Миржалол Қўшоқович ўз фикрларини билдирди.

Tecno

- Нима дейишим мумкин? Эски ҳаммом, эски тос. Яна ёш боладек хатоларимиз, индивидуал хато, бўлиб турадиган нарса. Бу баҳона эмас. 3-4 ўйиндан бери шунақа хатолар кетма-кетликда давом этяпти. Икки дақиқа ичида иккита гол ва бу натижага таъсир қилди. Мухлисларимиздан узр сўрайман. Рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман. Охиригача курашдик, ҳаракат қилдик. Лекин рақиб жамоа яхши ҳимояланди. Бундан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз. Кутилмаганда, жуда оддий вазиятда ўйинни бой бериб қўйяпмиз. Икки дақиқа ичида ўйинни ҳал қилиб қўйишди. Аммо олдимизда анча вақт бор эди. Бундай хатолар қилиш керак эмас. Ўйинни кўриб чиқамиз. Биринчи даврани тугатиб, тўғри хулоса чиқариб тайёргарлик кўришимиз лозим. Орқага қайтариб бўлмайди. Барибир охиригача кураш олиб борамиз. Ўтган сафаргига ўхшаб яна “Бухоро” жамоасига қарши Кубок ўйинида қоқилдик.

- Жамоангиз биринчи бўлимда гол урди, офсайд эълон қилинди. Иккинчи бўлимда ҳам иккита гол урди ва иккаласи ҳам офсайд. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Нима дейман? Офсайд бор, ВАР ҳам бор эди, ишлади. Ҳеч нима демайман.

- ОКМК жисмоний томондан ютди. Иккинчи қаватдаги тўп учун курашларда ҳам, тўп назоратида ҳам устун эди...

- Лекин бу очко бермайди ёки кейинги босқичга олиб чиқмайди. Яхши ўйнаш ва бундай хатолар қилмаслик керак. Имконият яратиб, вазиятлардан тўғри фойдаланиш лозим. Офсайдми, демак офсайд. Ўзини мутахассислари бор, ҳакамлар билан ишим йўқ. Аммо шуни айтмоқчиманки, ўйин тезлигини ошириш керак. Биринчи бўлимда дарвозабон ётиб олишни бошлади. Бу баҳона эмас. Кейин статистика бўйича футболни 30 ёки 40 дақиқа ўйнадик деб гапирамиз. Ўйинни тезлатиш лозим. Стадионга келган ишқибозлар футбол кўргиси келади. Агар жароҳат бўлса муаммо йўқ, бироқ оддий вазиятларда ҳам ётиб олаверса, бу нотўғри. Футболни тезлигини оширмоқчимизми, ҳакамлар ҳам шунга эътибор бериш керак. Бу биринчи эмас. “Шўртан” билан учрашувда ҳам 15-дақиқадан ётиб олиш бошланди. Наманганда ҳам, бундай ўйинлар кўп. Ўйинни ҳисоблаб чиқинглар, қанча пауза бўлди? Рақиб жамоаси томонидан қанча вақт ётишди? Кейин яна мураббий айбдор. Стадионга тушган мухлислар футболдан роҳатланишлари керак. Ғалаба ва мағлубият эса ёнма-ён. Гап чиққанда гапириб қол дейишади, шунинг учун айтяпман. Катта мақсад қўйилганми, чемпионатимизни ҳам тезлатишимиз керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!