ЎзПФЛ ушбу 5 учрашувни томоша қилишни тавсия қилади

  • 2 ноябрь, 13:48
  • Muhammadqodir Ruzmatov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

"Ўзбекистон Суперлигаси якунӣй паллада. Ноябрь ойида мухлисларни бир қатор қизиқарли ва ҳал қилувчи ўйинлар кутиб турибди.

Tecno

"Пахтакор" – "Бунёдкор"

3 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тури доирасида мухлислар Тошкент дербисига гувоҳ бўлади. Шу куни Пахтакор клуби “Жар” стадионида Бунёдкор билан куч синашади.

Тошкент дербиси доимо катта қизиқишларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Ҳатто, Пахтакор қаторaсига 5 марта Ўзбекистон Суперлигаси ғолиби чиққан 2019–2023 йилларда ҳам Бунёдкорга қарши баҳсларда жиддий қаршиликка учраган.

Шунингдек, айни вақтда ҳар икки жамоа Суперлигaнинг бронза медаллари учун курашмоқда. Шу сабабли мазкур баҳс икки томонлама аҳамиятли.

"Бухоро" – "Нефтчи"

7 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тури доирасида Бухоро клуби ўз майдонида Нефтчини қабул қилади.

Нефтчи клуби айни пайтда Суперлига ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Сўнгги турларда очко йўқотиш жамоага қимматга тушиши аниқ.

Бухоро клуби эса Ўзбекистон Кубоги финалида мағлубиятга учради. Шу сабаб жамоа мухлислари олдидаги айбини ўз майдонида пешқадамлардан бирини мағлуб этиш орқали ювиши мумкин. Шунингдек, Бухоро клуби Суперлига жадвалида сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Шу боис Александр Хомяков бошчилигидаги жамоа ҳам осонликча таслим бўлмаслиги аниқ.

"Насаф" – "Машъал"

8 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тури доирасида мухлислар Қашқадарё дербисига гувоҳ бўлади. Насаф клуби Қаршида Машъал билан куч синашади.

Қашқадарё дербиси доимо воҳалик футбол мухлисларининг диққат марказида бўлгани барчамизга маълум. Унинг устига ҳар икки жамоага айни пайтда ғалаба сув ва ҳаводек зарур.

Чемпионлик учун курашаётган Насаф сўнгги турларда фақат гранд клублар билан тўқнаш келмоқда. Шу ҳолатда жадвалнинг қуйи қисмида бораётган Машъални мағлуб этиш жамоага жуда муҳим 3 очкони тақдим этади.

Машъал клуби эса Суперлигада жон сақлаб қолиш учун жанг қилмоқда. Жамоа лигада қолмоқчи бўлса, энди очко йўқотишга ҳаққи йўқ.

"Пахтакор" – "Насаф"

20 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 29-туридан ўрин олган марказий ўйин бўлиб ўтади. Ўша куни Пахтакор “Жар” стадионида Насафни қабул қилади.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар доимо принципиал аҳамиятга эга бўлиб келган. Сўнгги 6 та ўйиннинг 4 таси дуранг билан якунланган. Шунингдек, битта баҳс Насафнинг, яна биттаси Пахтакорнинг ғалабаси билан тугаган.

Шунингдек, айни вақтда Пахтакор бронза медали учун, Насаф эса чемпионлик учун курашмоқда. Шу сабабли ушбу баҳсда қўлга киритиладиган 3 очко ҳар икки жамоа учун сув ва ҳаводек зарур.

"Нефтчи" – "Қизилқум"

22 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 29-тури доирасида Нефтчи клуби ўз майдонида Қизилқумни қабул қилади.
  
Бу чемпионлик учун курашаётган Нефтчи клубининг 2025 йилги мавсумда ўз майдонида ўтказадиган сўнгги ўйини бўлади.

Сўнгги турда фарғоналикларни лигани тарк этмаслик учун тиш-тирноғи билан курашаётган Хоразм клуби майдонида жиддий баҳс кутиб турибди. Шу боис Виталий Левченко шогирдларидан Қизилқумга қарши ўйинда фақат ғалаба кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!