 
                Олти карра чемпионни учта клубга ишга жойлашмоқчи
“Барселона” даврозасини қарийб ўн йил асосий посбон сифатида қўриқлаб келган ва олти бор Испания чемпиони бўлишига ёрдам берган Марк-Андре тер Штеген энди ўзига янги жамоа топишга мажбур бўлмоқда.
Германиялик мураббий Ханс-Дитер Флик ўз ҳамюртидан асосий дарвозабон мақомини олиб қўйган. Ёзда таклиф этилган Жоан Гарсия биринчи рақамни ўзиники қилиб олди. Захира посбони Войцех Шчесни ҳам мураббийлар ишончини қозонган.
Шу боис, тер Штегеннинг агентлари январда унга бошқа жамоа топиб бермоқчи. TBR Football нашрининг маълум қилишича, мутасаддилар немис дарвозабони хизматларини гранд клубларга таклиф қилиб кўрди.
Улар Марк-Андре тер Штегенга иш беришни сўраб, “Челси”, “Манчестер Юнайтед” ва “Тоттенхэм”га мурожаат қилди. Бу учала клуб дарвозабон масаласида муаммога дуч келгани маълум.
Бундан ташқари, агентлар рўйхатида “Ньюкасл” ва “Вест Хэм” каби клублар ҳам бор. Агар юқоридаги учта гранд клуб таклифни қабул қилмаса, бошқа вариантлар ишга солинади.
Марк-Андре тер Штегеннинг клуб билан ҳали уч йиллик шартномаси бор, бироқ 2026 йилги жаҳон чемпионатига бориши учун мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши керак.



Фикрлар