
Немис грандлари “Барса”дан норози футболчини олиб кетади
Испаниянинг амалдаги чемпиони “Барселона” ўзи тарбиялаётган истеъдодли футболчилардан яна бирини қўлдан чиқаришга яқин турибди.
18 ёшли ярим ҳимоячи Ноа Дарвих Бундеслиганинг бир неча клублари нишонига тушди. Аслида “Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик бу ўйинчиси мавсумлар оралиғидаги йиғинларда синаб кўришга қарши эмас. Бироқ Ноанинг ўзи унга етарли даражада эътибор қаратилмаётгани ва ўйин амалиёти берилмаётганидан норози.
“Барселона” бу футболчини 2023 йилнинг ёзида “Фрайбург”дан 2,5 миллион еврога харид қилганди.
Sport нашрининг ёзишича, Дарвих клубдан кетиш бўйича бир қарорга келиб бўлган ва фикридан қайтмаслиги айтилмоқда.
“Барселона” бу вазиятдан чиқиш учун ўз ўйинчисини Бундеслигага кетишига қаршилик қилмайди. Клуб мутасаддилари футболчининг трансфер шартномасига уни қайта сотиб олиш ҳуқуқи белгиланган бандни киритмоқчи.
Айни пайтда Ноа Дарвих учун курашаётган Бундеслиганинг бир неча клублари орасида “Боруссия Дортмунд” ва “Штутгарт”нинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда.
Фикрлар