"Насаф"нинг Элит Чемпионлар лигаси 4-турдаги рақиби ҳақида билишингиз керак бўлган айрим маълумотлар
3 ноябрь куни "Насаф" клуби ОФК Элит Чемпионлар лигаси мусобақасининг 4-тури доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал Ваҳда" жамоаси билан куч синашади.
Келинг, ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталамиз.
"Ал Ваҳда" жамоаси 41 йиллик тарихга эга. Клуб 1984 йилда Абу Даби СК ва Ал Эмиратес клубларининг бирлашувидан ташкил топган.
Жамоага мухлислар томонидан "Тhe Maroons" (“тўқ қизиллар”) деган лақаб берилган.
"Ал Ваҳда" ўз уй учрашувларини Абу Даби шаҳридаги Ал Наҳён стадионида ўтказади. Ушбу майдон 15 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.
Жамоа Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатининг 4 карра ғолиби, 2 карра Президент кубоги соҳиби ва 4 карра мамлакат Суперкубоги ғолиби ҳисобланади.
"Ал Ваҳда" шу вақтгача Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ўтказилган расмий мусобақаларда 81 та ўйин ўтказган. Улардан 29 тасида ғалаба, 25 тасида мағлубият, 27 тасида эса дуранг натижа қайд этилган.
Жамоани айни пайтда 60 ёшли анголалик мутахассис Хосе Мораис бошқармоқда. У ўз фаолияти давомида "Интер", "Реал Мадрид", "Челси" каби клубларда ишлаган.
Мураббий Жеонбук Моторс жамоаси билан 2 карра Жанубий Корея чемпионлигини, "Ал Ҳилол" билан Саудия Арабистони Профессионал лигаси ғолиблигини, шунингдек, 2023/24 йилги мавсумда "Сепаҳон" клуби билан Эрон Ҳазфи кубогини қўлга киритган.
Жамоа таркибида айни пайтда Душан Тадич, Дарко Лазович, Факундо Круспзки, Омар Ҳарбин, Каио Канедо ва Лукас Пимента каби Европа ҳамда Осиё футболида ном қозонган футболчилар тўп сурмоқда.
Ушбу клуб Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари учун ҳам бегона эмас. Яқин йилларда "Ал Ваҳда" сафида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ҳожимат Эркинов фаолият олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси 4-туридан ўрин олган "Насаф" – "Ал Ваҳда" учрашуви 3 ноябрь куни соат 18:45 да старт олади.



Фикрлар