
“Монако”га қарши ўйин олдидан Ҳусановнинг аҳволи қандай?
“Манчестер Сити” Европа Чемпионлар лигасининг янги мавсумини муваффақиятли бошлади. “Шаҳарликлар” умумий босқичнинг биринчи турида “Этихад” стадионида Италия чемпиони “Наполи” дарвозасига иккита тўп киритди.
Муҳим учрашувда Хосеп Гвардиола жамоаси дарвозасини дахлсиз қолишига энг муаммо нуқта – ҳимоянинг ўнг қанотида жуда ишончли ўйнаган Абдуқодир Ҳусановнинг ҳиссаси катта бўлди.
Энди “Монако” майдонида бўладиган иккинчи тур учрашуви олдидан “Манчестер Сити”да таркиб билан боғлиқ муаммолар йиғилиб қолган. Асосий таркибнинг бир неча футболчилари “Хаддерсфилд” ва “Бёрнли”га қарши ўтказилган учрашувларда жамоага ёрдам бера олмади.
Sports.uz портали нуфузли манба – sportsmole.co.uk маълумотларига таянган ҳолда айни пайтда “Сити” лазаретида вазиятга аниқлик киритишга ҳаракат қилди.
- Ўйини кучайиб бораётган “Манчестер Сити” Европа Чемпионлар лигасида “Монако” билан бўладиган учрашувда қатнашиш учун Франция жанубига сафар қилади.
Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия Премьер-лигасининг навбатдаги турида “Бёрнли” устидан 5:1 ҳисобида зафар қучиб, мусобақа пешқадами “Ливерпуль” билан орадаги фарқни беш очкогача қисқартирди.
Энди манчестерликлар бор эътиборини ички турнирдан олиб, қитъа миқёсидаги ўйинга қаратиши лозим. “Шаҳарликлар” икки ҳафта олдин “Наполи”ни енгиш орқали бошланган юришни Францияда ҳам давом эттиришга бел боғлаган. “Манчестер Сити”да муҳим учрашув олдидан кадрлар муаммоси юзага келган. Қуйида вазият билан танишиб оламиз, - деб ёзди sportsmole.co.uk репортёри Сабастьян Стерник.
Родри
“Олтин тўп” соҳиби шанба куни “Бёрнли”га қарши майдонга тушмади. Хосеп Гвардиола Родри унга оғир жароҳат олган тиззаси кучли оғриб қолганини ва ўйинда қатнашишга тайёр эмаслигини билдирганини айтди.
Гарчи Родри Францияга бориши кутилаётган бўлса-да, мураббийлар штаби унинг саломатлигини хавф остига қўймоқчи эмас. Родрининг учрашувда қатнашиши катта сўроқ остида турибди.
Абдуқодир Ҳусанов
Ҳусанов кейинги пайтда “Манчестер Сити”нинг энг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. Хусусан, ўнг қанот ҳимоячиси позициясини ўзиники қилиб олди.
Ўзбек футболчиси мавсум бошидан муаммоли бўлиб келган бу позицияда кетма-кет тўртта учрашувда илк дақиқалардан ўйнади. Афсуски, “Арсенал” билан бўлган марказий учрашувда рақиб футболчиси билан тўқнашувдан кейин Абдуқодирнинг бу серияси тўхтади.
Клубдан олинган маълумотларга қараганда, 21 ёшли футболчи жароҳатдан қутила бошлаган. Бироқ катта эҳтимол билан Ҳусанов “Монако”га қарши майдонга тушмайди.
Аввал маълумот берилганидек, Ҳусанов 5 октябрь куни “Брентфорд” билан бўладиган баҳсда майдонга тушиб, Хосеп Гвардиола жамоаси ҳимоя чизиғини янада мустаҳкамлаши кутиляпти.
Умар Мармуш
Умар Мармуш жароҳати бироз олдинроқ, сентябрь ойи бошидаги халқаро танаффусда Миср терма жамоасининг Буркино-Фасо билан тўқнашувида олган эди.
26 ёшли футболчи Мисрнинг ўзида тиббий кўрикдан ўтказилди ва бир ойга сафдан чиққани маълум қилинди. “Манчестер Сити” тиббиёт бўлими ўйинчини қайта текшириб, дастлабки ташхис ва даволаниш муддатини тасдиқлади.
Мармушнинг ҳам худди Ҳусанов сингари Франциядаги ўйинда қатнашмаслик эҳтимоли юқори ва мухлислар уни 5 октябрь куни “Брентфорд” билан учрашувда кўриши мумкин.
Райан Шерки
Франциялик ҳужумкор футболчи жароҳати туфайли ҳозиргача “Манчестер Сити”нинг олтита учрашувини ўтказиб юборди. Унинг тикланиш жараёни режадагидек кетаётган бўлса-да, ҳали тўлиқ оёққа туриши учун уч ҳафтага яқин вақт талаб этилади.
Мутахассислар Райан Шерки бирор жиддий муаммо чиқмаса, 18 октябрда “Эвертон” билан бўладиган баҳсда кўриниш бериши мумкинлигини айтяпти.
Райан Айт-Нури
Марокашлик ҳимоячи 23 август куни “Этихад” аренадаги дебют ўйини – “Тоттенхэм” билан бўлган учрашувда шикастланган эди. Шунга қарамай, ёзда “Вулверхэмптон”дан 31 миллион фунтга олинган ўйинчи “Брайтон”га қарши тўлиқ ўйнади.
Аммо жароҳатини даволатиш эҳтиёжи туғилгани учун Марокаш терма жамоаси йиғинига боролмади ва “Сити”нинг охирги бешта учрашувини ўтказиб юборди. Райан Айт-Нурининг даволаниш муддати ҳали давом этади ва 18 октябрга қадар сафга қайтиши кутиляпти.
Европа Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичи иккинчи туридан ўрин олган “Монако” ва “Манчестер Сити” учрашуви Тошкент вақти билан 1 октябрдан 2 октябрга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланади.
Фикрлар