
"Милан"да 64 йилдан сўнг илк бор хорижлик футболчи сардор бўлди
30 ёшли дарвозабон Майк Меньян "Милан" сардорига айланди. Ушбу маълумотни Италия клубининг янги бош мураббийи Массимилиано Аллегри матбуот анжуманида тасдиқлади. La Gazzetta dello Sport нашри тарқатган хабарга кўра франциялик дарвозабон "россонерилар"нинг сўнгги 64 йилдаги илк хорижлик сардорига айланди.
Манбага кўра, "Милан"да сардорлик боғичини таққан сўнгги хорижлик 1949-1961 йилларда клуб шарафини ҳимоя қилган швециялик Нилс Лидхолм бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Меньян бунгача ҳам жамоадошларини сардор мақомида майдонга туширган эди. Ўтган мавсумда дарвозабон боғлов учун учинчи даъвогар эди. "Милан"нинг 2024/2025 йилги мавсумдаги дастлабки икки сардори Давиде Калабрия ва Тео Эрнандес ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этди.
Франциялик дарвозабоннинг ҳозирги жамоаси билан шартномаси келаси ёзда ўз ниҳоясига этади. Аввалроқ, Меньян хизматига Лондоннинг "Челси" клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Фикрлар