МДҲ ўйинлари. Боксчиларимиз ярим финал жангларини ўтказди
Хабарингиз бор, 27 сентябрдан 6 октябргача Озарбайжон давлати Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) комплекс мусобақаларига мезбонлик қилади. Унда терма жамоамиз аъзолари ҳам иштирок этмоқда.
Бугундан бокс спорт турида ярим финал баҳслари старт олди. Кун давомида фақат қизларимиз ўзларининг финал олди жангларини ўтказишди. Темур Ахбаев бошчилигидаги вакилларимиз ушбу босқичга тўлиқ таркиб билан етиб келишганди.
Рухшонабону Ахадова -46 кг вазнда бўлиб ўтган ярим финалда, мезбон Айсел Фаражовага 1:4 ҳисобида мағлуб бўлиб мусобақани учинчи ўринда якунлади.
Назокат Мардонова ва Қумринисо Муҳаммадовалар финал йўлланмасини нақд қилишди. Улар ярим финалда россиялик боксчиларни 5:0 ҳисобида енгди.
-60 кг вазнда бўлиб ўтган ярим финалда, Меҳримах Қиличева қозоғистонлик Жасмин Абрамянга ҳакамларнинг қарорларига кўра, 2:3 ҳисобида таслим этди.
Яна бир ярим финалда, -66 кг вазнда рингга кўтарилган Улбосин Жалгасбаева россиялик Лустина Ануфриевага 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Шаҳнозабону Имомалиева -48 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, мезбон Гулар Ҳусейновага мағлуб бўлди.
Сабина Мирзаева -52 кг вазнда финалга йўл олди, боксчимиз бу йўлда озарбайжонлик Захра Маммадовани биринчи раунддаёқ техник нокаутга учратди.
-57 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, Фарзуна Рўзиева қозоғистонлик Балим Габиткизидан 5:0 ҳисобида устун келди.
Бугунги сўнгги ярим финал баҳсида, -63 кг вазнда Рушанабону Исоева яна бир қозоғистонлик Мадина Нурмановани 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.



Фикрлар