
"Машъал" бош мураббийи: "Бизда мағлубиятлардан кейин қўрқишлар бўляпти"
Ўзбекистон Кубоги чорак финалида “Пахтакор” “Машъал”ни қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. “Машъал” кучли рақибга қарши бу сафар сенсация кўрсата олмади. Учрашувдан кейин муборакликлар бош мураббийи Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида қатнашди.
- Яна ўша ўзимизни хатолар эвазига гол ўтказиб юбордик. Бу хатоларни яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Хулоса қилишимиз лозим. Нима учун биз ўйинни бошида голларни ўтказиб юборяпмиз? Футболчи чарчаса ўйин охирларида мувозанатни йўқотганидан голларни қўйиб юбориши мумкин, лекин учрашув бошидаёқ гол ўтказиб юборишимиз тактик ҳол билан кўпроқ боғлиқ бўляпти. Буни устида кўпроқ ишлашимиз керак. “Пахтакор”ни ярим финалга чиққани билан табриклаймиз. Мақсадимиз Кубокда финалгача бориш эди, аммо ўхшамади. Бор эътиборимизни чемпионатга қаратамиз. Бироз таътилга чиқамиз. Футболчилар билан яхшилаб маслаҳатлашиб оламиз.
- Жамоа “Пахтакор”га ўйин бошида яхши қаршилик кўрсатаётганди. Тезкор голдан кейин ҳам ёмон кураш кечмади. 3:1 бўлганидан сўнг катта иштиёқ билан олдинга ўтдинглар. Шу иштиёқни эртароқ кўрсатиш имкони йўқмиди?
- Бу руҳий ҳолат билан боғлиқ. Футболчилар “Пахтакор”, “Бунёдкор” ёки “Насаф” деса қандайдир қўрқиш билан ҳаракат қиляпти. Иккинчи тайм кўрсатиб бердики, ҳамма рақибни ҳурмат қилган ҳолда бемалол ўйнаса бўлади. Бизда яхши футболчилар йиғилган. Фақат ўзларига бўлган ишончни оширишимиз керак. Ўйинчилар ишонч бўлса яхши ўйнашяпти. Шуни ўйин давомида бажаришни кўпроқ ўргатишимиз лозим.
- Самандар Очилов бир неча учрашувдан бери майдонга тушмаяпти. Буни сабаби нимада?
- Очилов яхши футболчи. Уни ярим ҳимояда синаб кўрдик. Позицияси марказий ҳимоячи. Рақиблар сафида бўйи узун ҳужумчилар бор. Шунинг учун биз бўйи узун ҳимоячилардан фойдаландик. Унга ҳам ўйин амалиёти беришга ҳаракат қиламиз. Ҳа, ҳимоямизда камчиликлар бор. Лекин рақобат бор. Ким рақобатда яхши бўлса ўйнайверади.
- “Машъал” анча вақт ғалабасиз серия қайд этди. “Андижон” билан жуда яхши ўйин кўрсатди. Лекин кейинги учрашувларда яна хатолар кузатиляпти, оддий вазиятларда тўпни рақибга бериб қўйишяпти. Рақибни даражасидан келиб чиқиб хатолар кўпайиб кетяптими?
- Рақибни даражасидан деб ўйламайман. Футболчилар руҳий жиҳатдан ўзига бўлган ишончни ўнглай олмаяптилар. “Андижон”га қарши учрашувдагидек иштиёқ ва ишонч билан ўйнасак ҳар бир жамоа билан муаммо туғдиришимиз мумкин. Бизда мағлубиятлардан кейин қўрқишлар бўляпти. Буни енгиб ўтишимиз керак. Ҳар бир клубда бўлиб туради. Мағлубият билан ғалаба доимо ёнма-ён.
Фикрлар