“Манчестер Сити” “Олтин тўп” соҳиби билан музокара бошлади
“Манчестер Сити” раҳбарияти Хосеп Гвардиола жамоасида муҳим аҳамиятга эга бўлган ўйинчи Родриго Эрнандес билан ҳамкорликни узайтириш бўйича музокара бошлади.
Бу ҳақда таниқли журналист Экрем Конур хабар берди.
Родри “Манчестер Сити” ва Испания терма жамоасидаги ўйинлари самарасида 2024 йилда футболчиларга бериладиган энг нуфузли индивидуал соврин – “Олтин тўп” билан тақдирланган эди.
Айни пайтда 29 ёшли футболчига “Пари Сен-Жермен” ва “Реал” жиддий қизиқиш билдирмоқда ва Родри атрофидаги вазиятни синчковлик билан кузатяпти.
“Манчестер Сити” раҳбарияти эса, испан футболчиси “шаҳарликлар” сафида қолишига ва жорий мавсум охирига қадар янги битимни имзолашига ишонмоқда.
2019 йилдан бери манчестерликлар шарафини ҳимоя қилиб келаётган маҳоратли ярим ҳимоячининг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача давом этиши белгиланган. Бу муддат яна уч йилга узайтирилиши кутиляпти.



Фикрлар