
“Манчестер Сити” Ҳусановни танлади
“Манчестер Сити” авлодлар алмашинуви ва таркибни ёшартириш сиёсатини давом эттирмоқда ва бу жараёнда жамоада керагидан ортиқ футболчилар тўпланиб қолди.
Бош мураббий Хосеп Гвардиола клуб раҳбариятига жамоада ортиқча ўйинчиларнинг пайдо бўлиши унга ишлашда ноқулайликлар туғдираётганини, айрим футболчилар захирада қолиб кетаётганидан қийналаётганини, таркибни қисқартириш лозимлигини маълум қилган эди.
Янги спорт директори Уго Виана ҳам чиқиш трансферларга эътибор қарата бошлади. Сўнгги кунларда айрим футболчилар янги жамоага ўтказилди.
Нуфузли манбалардан бири – manchestereveningnews.co.uk портали “Манчестер Сити” ҳимояси марказидаги ўзгаришларни таҳлил қилди.
Sports.uz сайти ушбу таҳлилда Абдуқодир Ҳусанов ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилгани боис, ушбу мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- “Манчестер Сити”даги сўнгги ўзгаришлар клуб раҳбарияти ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни янги мавсум учун жамоада олиб қолишидан далолат беради. Чунки бу позицияга даъвогар Витор Рейснинг “Жирона”га ижарага ўтиши бўйича музокаралар ижобий якунланди.
Ҳимоя марказининг бу икки футболчиси қишки трансферлар даврида умумий 63 миллион фунтга олиб келинган эди.
Аслида Рейс ва Ҳусанов иқтидорли ёш ўйинчилар сифатида истиқболни кўзлаб, келажакда асосий таркиб ўйинчиси бўлиш эҳтимоли билан трансфер қилинганди. Бироқ ўтган мавсумда “Манчестер Сити” ҳимоячилари орасида авж олган жароҳатлар кризиси мураббий штабини Абдуқодир Ҳусановни ҳеч қандай тайёргарликсиз дарров “жанглар”га ташлашга мажбур қилди.
Ҳусанов мураккаб вазиятга жуда тез мослашди ва ҳатто февраль ойида жамоанинг энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилди. Ўзбек легионери Англия Премьер-лигасида ажойиб ўйинлар намойиш қилди, Европа Чемпионлар лигаси доирасида “Сантьяго Бернабеу” аренасида “Реал”га қарши ҳимоянинг ўнг қанотида зўр ўйнади.
Бу ўйинлардан кейин Хосеп Гвардиола Ҳусановнинг оддий ва содда йигит экани унга ёқишини алоҳида тилга олди.
21 ёшли Ҳусанов Англия Премьер-лигасидаги биринчи ўзбек футболчиси бўлди. Бироқ мавсумнинг охирида майдонда кўриниш бермади. Ёзда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тўртта учрашувдан фақат биттасида ўйинга тушиб, 60 дақиқа ҳаракат қилди. Бу жараёнда Витор Рейсга сал кўпроқ имконият берилди.
Аммо ҳимоя чизиғини кучайтириш учун Райан Айт-Нури олингани Йошко Гвардиолни тамоман ҳимоя марказига қайтишини англатади. Мавсумлар оралиғида аввалига Абдуқодир Ҳусановнинг ижарага кетиши ҳақида ахборотлар авж олган бўлса, энди вазият ўзгарди ва жамоани Витор Рейс тарк этадиган бўлди.
Клуб ўз таркибини янги мавсум учун Европа Чемпиолар лигаси қайдномасидан ўтказиш учун жамоадаги легионерлар сонини қисқартириши талаб этилгани учун ҳам шу йўл танланди.
Янги мавсум олдидан Хосеп Гвардиола ихтиёрида Йошко Гвардиолдан ташқари Рубен Диаш, Жон Стоунз, Натан Аке ва Мануэль Аканжи каби марказий ҳимоячилар бор. Ички рақобат жуда кучлилигига қарамай, Ҳусанов асосий таркибдан жой олиш учун курашга тайёрлигини намойиш қилмоқда.
Витор Рейс учун “Жирона”даги мавсум тажриба мактаби бўлади. Буни Савиньо мисолида кўриш мумкин. Бу футболчининг Ла Лигада олган малакаси Англия Премьер-лигасида порлашида анча қўл келяпти.
“Жирона” ҳам “Манчестер Сити”га эгалик қилувчи City Football Group холдинги таркибига киради. Ўтган йили жироналиклар ҳам Европа Чемпионлар лигасида иштирок этгани боис, “шаҳарликлар” бу клубга ўйинчи жўната олмаган эди. Бу гал испан клуби қитъанинг энг нуфузли мусобақасига чиқа олмади, - деб ёзмоқда manchestereveningnews.co.uk портали эксперти Саймон Байковски.
Таъкидлаш лозимки, “Манчестер Сити” Хосеп Гвардиола режасига киритилмаган ўйинчилардан секин-аста қутилмоқда. Хусусан, ёш марказий ҳимоячи Жахмай Симпсон-Пьюзи Шотландиянинг энг қудратли клуби “Селтик”га ижарага жўнатилди.
“Эвертон” Жек Грилишни тўлиқ трансфер қилиш бўйича музокара бошлади. Бир неча клуб ёш ижрочилар – Клаудио Эчеверри ва Сверре Нюпанни ижарага олишга ҳаракат қиляпти. Клуб Гвардиола талабига кўра, таркибни қисқартириб, оптимал даражадага олиб келиш йўналишида ишлаяпти.
Файзуллаевнинг салоҳиятини кўрдик! “Башакшеҳир” устози Аббос ҳақида яна нималар деди?
Ҳусановни сўраётган клублар бор, лекин...
Ҳусанов, дўстингни табриклаб қўй!
Ҳаммаси тугади! Ҳусановнинг устозидан нохуш хабар
Файзуллаев нега Еврокубокларда ўйнамаяпти?
Гвардиола Ҳусанов “ғажиб ташлаган” юлдузни олиб келмоқчи
Ҳусанов бўйича муҳим қарор!
Ҳусановни “Манчестер Сити”га жойлаган мутахассис ишдан кетди!
Файзуллаев ЦСКАдан кетганининг асл сабаби ошкор бўлди
Эксперт: Бу футболчи Ҳусановнинг йўлини тўсяпти
Фикрлар