
Максим Шацких: "Жамоа мағлубиятга учраса бош мураббий айбдор бўлади"
“Андижон” - “Навбаҳор” (0:1) баҳсидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких иштирок этди.
- Ўйин ҳақида нима ҳам дердим. Дурангга мос бўлган ўйин. Шундай вақтлар бўлади, рақиб дарвоза томон битта зарба беради ва у гол бўлади. Бизда ҳам кўп вазият бўлмади. Аммо ўйинимиз ёмон эмасди, Режаларимиз ўхшамади. Бу - футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Албатта, мағлубиятдан хафамиз. Яна такрорлайман, дурангга мос ўйин бўлди.
- Балки ўйинчи алмаштирилганда хатоликка йўл қўйилгандир?
- Билмадим, балки шундайдир. Бу ҳолатни таҳлил қилиб чиқамиз. Тажрибадан маълумки, яхши нарсаларни режалаштирасиз, лекин ўхшамай қолади.
- Мағлубиятга ким асосий айбдор?
- Менман, ким бўлиши мумкин? Жамоа мағлубиятга учраса бош мураббий айбдор бўлади. Айбни ўз бўйнимга оламан. Балки қаердадир, балки ўйинчи алмаштиришда хато қилгандирмиз. Балки ўйинчиларни яхши тайёрлантира олмагандирмиз. Бундай муҳитда, стадион тўла мухлислар қаршисида биз мағлубиятга учрамаслигимиз керак эди. Қўрқинчли жойи йўқ, ҳаёт давом этади. Футболда кимдир ютади, кимдир мағлубиятга учрайди. Ўйлайманки, бундай ўйинда мағлубиятга учрамаслик керак эди, дурангга мос ўйин бўлди. Биласизми, агар биз ютганимизда ҳам дурангга мос ўйин бўлди, деган бўлардим. Яшириб нима қиламан, мен ҳар доим тўғрисини айтаман. Шундай ҳолатлар бўлади, дарвозага бир марта тепасан ва у гол билан тугайди. Бизда ҳам шундай вазият бўлганди, лекин биз гол уролмадик. Футбол шуниси билан қизиқ. Қаердадир индивидуал маҳорат ўзини кўрсатади. Балки баъзи ўйинчилар бундай муҳитда ва бундай мухлислар олдида ўйнашмагандир. Қандайдир ҳаяжон бор эди ва бу ҳаяжондан баъзи йигитлар чиқиб кета олмай қолдилар. Иккинчи таймда бироз фаолроқ ўйнагандек бўлдик. Бошлаган нарсамизни охирига етказа олмаяпмиз. Бу бизни хатоимиз бўляпти. Яхши режалаштиряпмиз, бироқ охирига етганда уни бажара олмай қоляпмиз. Айрим ҳолатларда бунга тушунмай ҳам қоляпман.
- Илҳом Абдуғаниевни ўрнига Алтин Крезиу майдонга туширилса бўлмасмиди?
- Алтин таянч ярим ҳимоячиси. У орқароқда ҳаракат қилади. Бизга ҳужумни кучайтира оладиган футболчи керак эди. Учта ҳимоячини туширишимиз ҳам мумкин эди. Бу ўйинни ютишни хоҳлагандик. Алтин ҳужумкор ўйинчи эмас, ҳимоявий ўйинчи. Шу сабабли уни майдонга туширмадик. Тоиров ҳам таняч зонасида ўйнайди. Бу ўйинда Крезиуни туширишдан маъно йўқ эди.
- Нега Саиднуруллаев ўрнига Маматказин туширилди?
- Ўйин охирида орқада ҳавода тўп учун курашлар кўпайди. Вақт оз қолаётгандир ва қаердадир унда имконият бўлишини ҳисобга олиб, майдонга туширдик.
Фикрлар