
Лутфулла Тўраев: "Жаҳон чемпионатига қанақа ҳолатда етиб боришимиз катта рол ўйнайди"
Ўзбекистон миллий терма жамоамиз илк бор КАФА мусобақасида ғолиб чиқди. Ҳал қилувчи финал учрашувида Эрон термаси 1:0 ҳисобида мағлуб этилди.
Вакилларимизнинг ҳар қандай ғалабаси халқимизни хурсанд қилиши шубҳасиздир.
Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси Лутфулла Тўраев Sports.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб берди.
- Ўзбекистон терма жамоамиз КАФА мусобақаси финалида Эронни мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритди. Учрашув борасида фикрингизни билмоқчиман...
- Яхши ўйин бўлди. Деярли 120 дақиқа давомида бир киши кўп бўлиб ўйнадик. Шунга яраша биз кўп ҳужум қилдик. Барибир шунча вақт бир киши кўп ўйнаганимизни ўзига яраша таъсири бўлди. Барибир Эрон ҳам кучли жамоалигини кўрсатди, деб ўйлайман. 120 дақиқа бир киши кам бўлиб ўйнаш осон эмас. Энг асосийси, ғалаба қозондик. Бутун ўзбекистонлик мухлисларни табриклайман. Бир йил олдин ютқазгандик, аламимизни олдик.
- Бир киши кам бўлган Эроннинг ҳиоясини ёриб ўтишга қийналдик. Сиз буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Нафақат Ўзбекистон - Эрон баҳси, балки бошқа 11 га 11 ўйналганда ва ҳимоявий футбол ўйнайдиган жамоаларга қарши учрашувларда уларни ҳимоясини ёриб ўтиш қийин бўлади. Қанотлардан узатмалар бўлди ва охири шундай тўп узатишидан кейин гол ҳам урдик. Кўпроқ яна узоқ масофалардан зарбалар бўлди. Ҳимоявий жамоага қарши мана шундай ўйнамасангиз бўлмайди. Кўриниб турибдики, Эрон кучли жамоа. 10 киши бўлиб ҳам яхши ҳимояланди.
- Терма жамоамизга хорижлик мутахассис келиши мумкин деган, хабарлар йўқ эмас. Сиз нима деб ўйлайсиз, четдан мутахассис зарурми?
- Ўзимизни мураббий бўлгани яхши.
- Жаҳон чемпионатида терма жамоамиздан нима кутмоқдасиз? Имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?
- Жаҳон чемпионатига қанақа ҳолда етиб боришимиз катта рол ўйнайди. Легионер футболчиларимизнинг ҳолати қандай бўлади? Ўзимизни футболчиларимизнинг ҳолати қанақа бўлади? Агар ҳаммаси соғ-саломат бўлишса, яхши натижалар кутяпман.
Фикрлар