
Кутилмаган хабар: Легионеримиз жамоани тарк этадиган бўлди!
Қозоғистон чемпионатида жорий мавсум якунига кўра, чемпионлик унвонини сақлаб қола олмаган “Ордабаси” жиддий ўзгаришларни амалга оширмоқда.
Чимкентликлар деярли бутун таркибни ўзгаритиришга ва янги ўйинчилар билан ишлашга қарор қилган.
Мамлакатдаги манбалар клубда катта тозалаш ишлари давом эттирилиши ҳақида маълумот тарқатмоқда. Дастлаб, чемпионат якунланиши билан жамоадан дарвозабон Сергей Игнатович, ҳимоячилар Игорь Пластун, Режиналду, ярим ҳимоячилар Айбол Абикен, Ловро Цвек ва ҳужумчи Артём Беседин кетган эди.
Кейин улар қаторига ҳужумчилар Максим Федин ва Всеволод Садовский, ҳимоячи Кристиан Товар қўшилгани маълум қилинди.
Қозоғистон спортини ёритиб келаётган sports24.kz сайтининг ёзишича, тозалашнинг навбатдаги босқичида асосий таркибнинг яна тўрт нафар аъзоси – ҳимоячилар Темирлан Ерланов, Ғафуржон Суюмбаев, дарвозабон Бекхан Шайзода ва ўзбек легионери Шаҳбоз Умаров тарк этадиган бўлди.
Жамоанинг янги бош мураббийи – молдовалик мутахассис Андрей Мартин таркибни қайта тузиш бўйича кўрсатмани бажаришга киришган ва ҳали тозалаш ишлари давом эттирилади.
Таъкидлаш жоизки, Шаҳбоз Умаров “Ордабаси”га 2022 йилнинг ёзида Беларуснинг БАТЭ клубидан келган. Чимкентликлар ўшанда БАТЭ бош мураббийи билан келиша олмагани учун ярим мавсум ўйин амалиётисиз қолиб кетган легионеримизни ижарага олишга рози бўлганди.
Ярим мавсум Қозоғистон Премьер-лигасида ўйнаб, ўзини кўрсатган Умаровни чимкентликлар 2023 йилги мавсум учун тўлиқ трансфер қилди. Кейин бу жамоага яна бир ўзбек футболчиси Бобур Абдухолиқов қўшилди.
Умаров ва Абдухолиқов чимкентликлар ишончини оқлаб, 2023 йилги чемпионатда жамоанинг ўз тарихида илк бор чемпион бўлишига ҳисса қўшди.
2024 йилги мавсум олдидан Бобур Абдухолиқов қадрдон жамоаси “Насаф”га қайтган бўлса, унинг “Ордабаси”даги ўрнини бошқа ҳужумчимиз Жасурбек Яхшибоев эгаллади.
Жасурбек Қозоғистон Премьер-лигасида ҳам кўп гол ура олиш қобилиятини намойиш қилди ва чемпионатда “Ордабаси”нинг энг яхши тўпурари бўлди.
Умуман олганда, якунланган мавсумда Жасурбек Яхшибоев 17 та учрашувда тўққизта тўп киритган бўлса, Умаров 21 та ўйинда бир жуфт гол муаллифи бўлди.
Гарчи Яхшибоев жамоа ўйинига катта ҳисса қўшган бўлса-да, унинг ҳам Чимкент клубидаги фаолияти катта эҳтимол билан якунига етган. 27 ёшли ҳужумчи айни пайтда Озарбайжоннинг энг номдор клуби “Нефтчи” (Боку) билан музокара олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳбоз Умаров ва Жасурбек Яхшибоев “Пахтакор” тарбияланувчилари ҳисобланади. Улар асосий жамоада ўйин амалиётига эга бўлмагач, ОТМКга ўтиб кетган. Кейин Беларусь чемпионатида биргаликда “Энергетик-БГУ” жамоаси шарафини ҳимоя қилди.
Умаров кейинчалик БАТЭда ўйнади. Келишмовчилик туфайли бу клубни тарк этди. Яхшибоев орада “Шахтёр Солигорск”, “Легия” ва “Шериф”да тўп тепиб, Беларусь, Польша ва Молдова чемпиони бўлди.
Жорий йил бошида уларнинг йўли яна "Ордабаси"да кесишди.
Мана энди ҳар икки ҳужумкор футболчининг “Ордабаси”даги фаолияти якунланмоқда ва ҳар иккиси янги мавсум олдидан ўзига муносиб жамоа топишига умид қилиб қоламиз.
Фикрлар