
Ким ғолиб бўлади, Дрикус дю Плессими ёки Хамзат Чимаев? (Сўровнома)
17 август куни АҚШнинг Чикаго шаҳри "UFC 319" турнирига мезбонлик қилади. Мазкур оқшомнинг асосий тўқнашуви ўрта вазнда амалдаги чемпион Дрикус дю Плесси ва даъвогар Хамзат Чимаев ўртасида кечади. Биз анъанага мувофиқ ушбу қарама-қаршилик борасида ўзбек яккакураш олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Нозимжон Тўйчиев - Ўзбекистон ММА ассоциацияси Андижон вилояти мутасаддиси:
– Бу жанг борасида гапирадиган бўлсак, Хамзат Чимаевда имконият юқори. У ўз услубида, дю Плессига қарши тейкдаунларни амалга ошириб, 2-раундда ғалаба қозонади.
Камронбек Ортиқов - ММА жангчиси:
– Хамзат Чимаев ва Дрикус дю Плесси жуда мураккаб баҳс бўлади. Тахминимча, чеченистонлик 2-раундгача рақибни финиш қилишга уринади, бироқ буни уддалай олмаса, якунда очколар эвазига Дрикуснинг қўли баланд келиши мумкин.
Мансур Тугизбаев - ММА жангчиси, мураббий ва рефери:
– Бу жанг узоқ давом этади, деб ўйламайман. Менимча, Хамзат 1-раунддаёқ камарни ўзиники қилади. У Дрикусни ё бўғиб қўяди, ё партерга олиб ўтиб, ўша ерда нокаут қилади!
Фарруҳ Мадаминов - Ўзбекистон панкратион ва грепплинг ассоциацияси Андижон вилоят бўлими раҳбари:
– Айни пайтда Хамзатнинг спорт формаси жуда яхши. Бироқ рақиб ҳам анойилардан эмас. Гарчи шундай бўлса-да, Чимаевнинг ғалабасини тахмин қиляпман.
Мирафзал Ахтамов - ММА жангчиси:
– Бу тўқнашувда Хамзат фаворит, деб айта оламан. Менимча, Чимаев 1-раунддаёқ бўғиш усули билан зафар қучади.
Мирзоҳид Атабоев - мураббий:
– Хамзат Чимаев ҳозирги даврда тенгсиз спортчи номига лойиқлардан бири. У 2-раундда дю Плессини таслим этишига ишонаман. Лекин кун келиб бизнинг Нурсултон чеченнинг камарини юртимизга олиб келади.
Аҳлиддин Хаджаев - ММА жангчиси:
– Бу сафар ҳам Хамзат 1-раундда ғалаба қозонади. Бу вазнда Чимаев билан фақатгина Нассурдин Имавов тўлиқ 5 раунд кураша олади. Бошқа ҳеч бир жангчи бундай қилолмайди.
Дониёрбек Рўзиев - мураббий:
– Фикримча, Чимаев 2-3-раунда худди Уиттакерни мағлуб этгандек, дю Плессини ҳам енгиб, чемпионга айланади.
Жавоҳир Абдуғаниев - ММА жангчиси:
– Хамзат 1-раунддаёқ масалани ҳал қилади. У бўғиш усули билан ғалаба қозониб, ўрта вазндаги камарни қўлга киритади.
Фикрлар