
"Жасур Яхшибоев бир маротаба гол уриб қолганига шунчами?!"
Кеча тунда Жасур Яхшибоев "Реал" дарвозасини ишғол қилди. Бугун кун бўйи, Ўзбекистондаги барча ижтимоий тармоқларда шу мавзуга тааллуқли материаллар айланди. Соддароқ қилиб айтсак, "Шериф" футболчиси бугун "авжига чиқди". Журналистлар орасидаги кичик хаосга мухлисларнинг фикри қандай эканлиги билан қизиқдим. Ачинарлиси шундаки, деярли 25-30 фоиз фанатлар Жасурнинг "Сантьяго Бернабеу"да урган голига журналистларнинг реакцияси устидан кулган. Айримларнинг киноя билан қолдирган изоҳидан хафа бўлиб кетдим.
Ўйлашимча, буни тўғри тушуниш керак. Ҳар ҳолда, бизнинг футболчилар ҳар куни ҳам ЕЧЛда энг кўп зафар қучган жамоа дарвозасини ишғол қилавермайди. Яна, "Сантьяго Бернабеу"да! Майли, кимдир Жасурни "эркаланиб" кетишини олдини олиб, камтарроқ бўлишга чақирар, бироқ бу вазиятда эмас. Бирор бир дарахтнинг бор бўй-бастини кўриш учун, унга узоқроқдан назар ташлаш лозим!
Яхшибоев ўз тенгқурлари ичида доим бир бош баланд тўп сургани билан ажралиб турган. Хитойдаги Осиё чемпионатидаги олтин медаль сўзимизга исбот бўла олади. Кейин, "Пахтакор" билан қийин мавсумларни ўтказди. Барча футболчилар ўсаётган пайтда, Шота Арвеладзе унга бир ўйинда 10-15 дақиқадан кўп тўп суришига имконият бермаслигини дангал айтди. Вазиятни тўғри баҳолаган Жасур, биринчилардан бўлиб, Беларусь чемпионатига йўл олди. У ўзи учун бегона иқлим, бошқа чемпионат, ўзга менталитет бўлишига қарамай, ҳеч нарсадан қўрқмади. Балки, чўчигандир, аммо ҳеч кимга сездирмади. У шунчаки футбол ўйнамоқчи бўлди. Тамом! "Пахтакор" ўз футболчиларига фантастик сумма тўлаётган бир пайтда, у "Энергетик-БГУ" сафида ўйин амалиётига эга бўлди. Голлар киритди ва мамлакатнинг энг кучли жамоаси билан шартнома имзолади. Кейин Польшадаги омадсиз саргузаштлар бошланди. Параллел терма жамоадаги ишлари ҳам юришмай қолди. Вадим Абрамов уни терма жамоага яқинлаштирмади. Сабабини сўраган журналистларга, Вадим "тоға" содда қилиб, "унинг менга кераги йўқ", деди. Жароҳат ва янги жамоа босими Яхшибоевни анчагина қийнагани рост.
Бир қарашда, Польшадан Молдовага кўчиб ўтиш, ортга ташланган қадамдек кўрингани рост. Шунга қарамай, Жасур тўхтаб қолгани йўқ. У ўз мақсади - футбол ўйнаш учун курашда давом этди. Унинг голни қандай нишонлаганини кўрдингизми? У кўзларига келган алам аралаш қувонч кўз ёшларини беркитиш учун юзини ёпди.
Кейин, "Сантьяго Бернабеу" аренасида юртимиз байроғини кўрсатди! Бу эфирни сайёрамизнинг барча қитъасида томоша қилишгани аниқ! Энди, бир ўйлаб кўринг. Ватандошимиз ўз карьерасидаги муаммоларни енгиб ўтгани учун хурсанд бўлишга журналистларнинг ҳаққи йўқми? Наҳот, ўзбек ўғлонининг бахтига шерик бўлмаслигимиз керак? Аслида, бу гол синовлар синаган ҳамюртимиз учун меҳнатлари эвазига берилган тақдирнинг туҳфаси. Улкан мотивация!
Бундан аввалги авлод вакиллари яхши биладиган тўпураримиз - Жаъфар Ирисметовни танийсиза? Ўз вақтида Москванинг "Спартак" клубида ҳаракатланган ҳужумчининг ҳаётини бир воқеа ўзгартириб юборган. "Бавария" дарвозасига чалқанча услубда берган зарбасини афсонавий кипер - Оливер Кан бартараф этади. Орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтгач, Ирисметов бир интервьюсида шундай дегани ёдимда:
"Агар ўша зарбам голга айланганида, фаолиятим умуман бошқача кўриниш олган бўлар эди."
Дарҳақиқат, йиллар ўтади, аммо тарих натижанигина эслаб қолади. Ҳозир, ҳеч ким Жаъфар Ирисметовнинг чалқанча берган зарбасини дарвоза тўрига бориб тушмаганини эсламайди. Ҳамма, уни терма жамоа сафида урган голлари орқали яхши танийди. Жасур кеча тарих абадий хотирасида сақлайдиган воқеага сабабчи бўлди. Унинг фаолияти ҳали олдинда. Насиб, қилса бундай голларни яна киритади, аммо йиллар ўтиб, шу голга кўзингиз тушса, 30-40 сония ширин ҳислар оғушида қоласиз. Нега дейсизми? Аҳир кўксингизда уриб турган юракда ватан ҳиси бор!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар
Ишқи йўқ эшшак,
Дарди йўқ кесак
Деб атайдилар.