Ислом Исмоилов: "Таркиб ўзагини сақлаб қолишимиз керак, бир-иккита номларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз"

CHERY AUTO

Бир неча кун олдин 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қуръа ташланганидан хабарингиз бор.

Осиё чемпионлигини қўлга киритган Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U17 терма жамоамиз “J” гуруҳида Парагвай, Панама ва Ирландияга қарши баҳс олиб боради.

Бош мураббий Ислом Исмоилов Sports.uz журналистининг айрим саволларига жавоб қайтарди.

- Терма жамоамиз, мундиалда "J" гуруҳида Парагвай, Панама ва Ирландияга қарши баҳс олиб боради. Қуръадан аввал қандай гуруҳни тасаввур қилгандингиз ва уларнинг орасида сиз тахмин қилган рақиблар борми?

- Қуръадан олдин аниқ қайсидир гуруҳ тушиши ҳақида тахмин қилганимиз йўқ. Ҳар қандай жамоа тушишига тайёр эдик. Бирор-бир реакция билдирмадик.

- Сизнингча, гуруҳ фаворити ким? Ўзбекистонми ёки...

- Гуруҳимизни осон гуруҳ демаган бўлардим. Барча жамоаларни фаворит деб бемалол айтса бўлади. Тўртала терма жамоани ўзига яраша кучли жиҳатлари бор.

- Сиз ҳам қуръа ташлаш маросимида иштирок этдингиз. Қандай ўтди? Таассуротлар қанақа ва терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги муваффақияти у ерда қандай эътироф этилмоқда?

- Қуръа ташлаш маросимига келсак, Қатар буни ажойиб тарзда ўтказди. Профессионал ва барчаси мукаммал тарзда амалга оширилди. Қуръадан олдин барча жамоаларни мураббийлари таклиф этилди. Қуръагача бўлган икки кун давомида жаҳон чемпионати пайтида яшайдиган меҳмонхоналар, машғулот майдонлари, ўйин ўтадиган стадионлар кўрсатилди ва таништирилди. Ҳаммаси ажойиб тарзда ўтди. У ерга барча терма жамоалар мураббийлари келишди ва бизни финалдаги муваффақиятимизни кўришибди, табриклашди. Ўзларининг яхши тилакларини билдириб кетишди. Албатта, бу нарса хурсанд қилади. Шунингдек, бунинг иккинчи тарафи энди бизга қарши ҳар бир рақиб жиддий тайёргарлик кўриши аниқ.

- Жаҳон чемпионати ноябрь ойида бошланади. 4 ой вақтимиз бор ва тайёргарлик режаси қандай кўринишда бўлади?

- Тайёргарлик режа бўйича кетяпти. Июнь ойида терма жамоамиз Лотин Америкасида йиғин ўтказади. Гуруҳимизда иккита Лотин Америка терма жамоаси борлиги туфайли биз айнан ушбу йиғинни танладик. У ерда иккита йиғин ўтказилади. Кейинги ойларда ҳам терма жамоани тайёргарлик режаси тузиб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилади.

- Таркиб ўзаги барибир Осиё чемпионатида қатнашган футболчилардан иборат бўлса керак, мундиалгача селекция давом этадими?

- Селекция тўхтаб қолмайди, доимий равишда давом этади. Шунга қарамасдан терма жамоа ўзагини сақлаб қолишимиз керак. Сабаби, бу йигитлар муносиблигини исботлашган. Шу билан биргаликда ўйин услубимизни янада кучайтириш учун бир-иккита номларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Адхамжон Низомов
30/05/2025 21:01
Тасанно,бошка давлатлар мураббийлари табриклаши кишини гурурлантириб,фахрлантириб юборади.Исломжон,биз сизга ишонамиз.Камида ярим финалгача,иншааллох.