
Ҳусановнинг “Сити”даги келажагига ойдинлик киритилди!
Ўзбекистон футболида Максим Шацкихнинг ўз ўрни бор. “Пахтакор” тарбияланувчиси профессионал фаолияти давомида Россия, Қозоғистон ва Украин жамоаларида муваффақиятли фаолият юритган.
Максим Шацких Украина чемпионатлари тарихидаги энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади. Унинг Ўзбекистон миллий терма жамоасида 61 та учрашувда 34 та гол уриб, ўз даврида тўпурарлик рекордини ўрнатган ва унинг натижасини яқинда Элдор Шомуродов янгилади.
Айни пайтда “Пахтакор” клуби президенти маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Максим Шацких Sports24 сайти журналистларига берган интервьюсида Абдуқодир Ҳусанов ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини баҳолади.
Sports.uz портали ушбу интервьюни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- Ҳусанов ҳақида қандай фикрдасиз? Кейинги ўйинларда Хосеп Гвардиола уни майдонга туширмаяпти. Сизнингча, Абдуқодир яна “шаҳарликлар” асосий таркибида ўйнайдими?
- Охирги учрашувларда ўйнамагани ҳеч нарсани англатмайди. Абдуқодир асосий таркибда ўйнайди. Мен аввал ҳам айтганман, яна таъкидлайман: Ҳусанов – “Манчестер Сити”нинг келадаги! У албатта ўйнайди.
Кечирасиз-у, Ҳусанов энди 21 ёшга тўлган. Ҳисобида “Манчестер Сити” учун юқори даражада ўтказган бир неча учрашуви бор.
Ҳозир бу жамоа қайта шакллантириляпти ва бу жараён ҳали давом этади. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги “Манчестер Сити” ўзига ўхшамаётганини ҳамма кўриб турибди. Шу боис, жамоа қайта тикланяпти. Ҳусановни айнан амалга оширилаётган ўзгаришларга мослаб олиб келишган.
Реал олиб қараганда, Абдуқодир жуда сифатли футболчи. Шунингдек, жуда яхши инсон. Унинг футбол интеллекти ва жисмоний имкониятлари юқори. Европа миқёсида суперклубда ўйнаш учун барча имкониятга эга. Аввалига ўйнатиб, кейин майдонга туширилмагани футболдаги оддий ротация. Бу нормал ҳолат.
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам Абдуқодир АПЛ грандида тажриба тўплаяпти...
- Ҳусанов “Манчестер Сити”га кўшилди ва у ердан чиқиб кетмайди. Фаолиятида ҳаммаси жойида бўлади. Ҳаммаси ўзига боғлиқ. Абдуқодир психологик жиҳатдан жуда бардошли. Жаҳон футболида хатодан кейин ўзига кела олмайдиган ҳимоячи ва дарвозабонлар бўлади. Лекин Ҳусанов унақалардан эмас!
Абдуқодир бу масалада жуда хотиржам, ҳиссиётларига боғланиб қолмайди. Бу борада жуда яхши сифатларни ўзида мужассам қилган.
- Ҳусановни афсонавий ҳимоячиларга қиёсласак бўладими? Масалан, Карлес Пуйол ёки Жерар Пикега?
- Пуйол билан таққослаб бўлмайди. Руҳият нуқтаи назаридан у бироз бошқача ўйинчи. Ҳусанов – жуда маданиятли, тарбияли, камгап. Абдуқодир деярли гаплашмайди ва жимгина ишини бажаради. Пике билан ҳам солиштириш тўғри эмас. Яна ким билан таққослаш мумкин?
- Пепе билан таққослаш мумкиндир? Айниқса, жанговарлигини...
- Балки... Лекин Пепе вақт ўтиб, тажриба тўплаганидан кейин шу шаклдай ўйнай бошлади. У тезлиги пасайганини бошқа нарсалар билан қоплай бошлади. Келинг, Ҳусанов ўзимизнинг ҳусанов бўлиб қолаверсин!
- Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралашидаги имкониятлари бўйича нималар дея оласиз?
-Ортиқча гап йўқ. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун ярим қадам қолди. Лекин бу жуда оғир, мураккаб ва қийин қадам бўлади. Нима бўлганда ҳам, ана шу қадамни ташлаш керак. Буни уддалашимизга ишонаман.
Биор муаммо чиқмаслигига умид қиламан. Лекин масалани биринчи ўйиндаёқ ҳал қилган маъқул. Олдимизда Бирлашган Араб Амирликлари билан сафарда ва Қатар билан уйимизда ўйинлар қолди холос. Агар Амирликлар майдонида дурангга эришсак ҳам, мундиалга чиқамиз.
- Балки БАА билан ўйинда Ўзбекистон ўзининг энг кучли жиҳати – ҳимояга урғу бериб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга эътибор қаратиши керакдир?
- Шундай десак ҳам бўлади. Лекин ҳимоядан тезкор ҳужумга ўтиб ўйнаган маъқул.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатининг охирги икки ўйинини июнь ойида ўтказади. Футболчиларимиз 5 июнь куни БААда мезбонларга қарши тўп тепса, 10 июнь куни охирги учрашувда Тошкентда Қатарни қабул қилади.
Фикрлар