
Ҳусанов соғлиғини сунъий интеллект назорат қиляпти
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов клублар миқёсидаги фаолиятини “Манчестер Сити”да давом эттираётгани боис ўзбекистонлик мухлислар ушбу жамоага оид хабарларни алоҳида қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
Sports.uz портали буни инобатга олган ҳолда “шаҳарликлар” атрофида бўлаётган қизиқарли маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишни давом эттиради.
Футболчилар саломатлиги клублар учун энг муҳим омил. Шу боис, мутасаддилар ўйинчиларнинг соғлиғини назорат қилишнинг турли инновацион усулларини қўллашга ҳаракат қилмоқда.
Marca нашрининг маълум қилишича, “Манчестер Сити” ва “Реал” каби қудратли клублар бу жараёнга замонавий технологиялар ютуқларини жорий қилиб боришга алоҳида эътибор қаратяпти. Улар жамоага тиббий хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш мақсадида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланмоқда. Бу усул футболчиларда жароҳатларни прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда катта самара беряпти.
Манбада айтилишича, сунъий идрокнинг функционал вазифаларига машғулот юкламалари, жароҳатлар тарихи, уйқу, овқатланиш сифати, майдондаги кўрсаткичлар ва спортчининг руҳий ҳолати бўйича маълумотларни тўплаш ва уларни қиёсий таҳлил қилган ҳолда хулоса чиқариш киради.
Бу жараёндаги маълумотлар камералар, датчиклар ва турли бошқа ускуналар ёрдамида амалга оширилади. Бу турдаги назорат ва таҳлил инсон омили қатнашадиган жараёнларга нисбатан анча чуқур ва асосли натижаларни беряпти.
Сунъий интеллектни жорий қилиш натижаларни тез олиш ва жароҳатлар миқдорини 30 фоизгача камайтириш имконини бермоқда.
“Манчестер Сити” қиморга пул тикишда айбланган юлдузни олади
Бразилия терма жамоаси ва “Вест Хэм” клуби ўйинчиси Лукас Пакета футболчилик фаолиятидаги энг катта жазодан қутилиб қолди.
Машҳур ўйинчи 2022-2024 йиллар давомида бир неча учрашувларда, хусусан, “Лестер”, “Астон Вилла”, “Лидс Юнайтед” ва “Борнмут”га қарши ўйинларда атайин сариқ карточка олишда айбланган эди.
Пакетанинг айби исботланган тақдирда уни умрбод дисквалификация қилиш чораси қўлланилиши айтилди. Бироқ сўнгги маълумотларга қараганда, ўйинчидан қиморга пул тикиш бўйича барча айблар олиб ташланди ва у оқланди.
TBR Football нашрининг маълум қилишича, ўйинчи атрофидаги вазиятни кузатиб турган “Мачнестер Сити” Лукас Пакетани олиш вариантига қайтди. Аслида “шаҳарликлар” 2023 йили бразилиялик ярим ҳимоячини қарийб 92 миллион еврога трансфер қилиш бўйича келишиб олганди. Аммо ўйинчига айблов эълон қилиниши ортидан бу харид бекор бўлди.
Энди манчестерликлар яна 27 ёшли ўйинчига харидор бўлмоқда. Лекин бу гал трансфер суммаси сезиларли даражада паст бўлади.
Пакета ўтган мавсумда “Вест Хэм” сафида 36 та учрашувда қатнашиб, ўз ҳисобига бешта гол ёздириб қўйди. Унинг клуб билан шартномаси яна икки йил давом этади.
Лукас Бразилия терма жамоаси сафида 55 та ўйинда иштирок этган. Transfermarkt портали унинг трансферини 28 миллион еврога баҳолади.
Файзуллаев кетганидан хурсандмиз
Фикрлар