
Ҳусанов ўрнига “Жумавой”!
“Манчестер Сити” таркибида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Жамоанинг шонли тарихини яратган юлдузлар секин-аста ўз ўрнини иқтидорли ёшларга бўшатиб беряпти.
Бунга сабаб ўтган мавсумнинг биринчи ярмида жамоада юз берган инқироз ва бунинг оқибати “Манчестер Сити” бирор совринсиз қолгани бўлди. Бош мураббий Хосеп Гвардиола ўша инқирознинг ечимини таркибни янгилашда кўрди. Натижада январь ойининг ўзидаёқ янги ижрочилар таркибга қўшиб олинди.
Эътиборли жиҳати, “Сити” ҳимоя маркази вакилларининг аксарияти ёши катталиги, жароҳатларга мойил бўлиб қолгани учун клуб қишда уч нафар ёш марказий ҳимоячи – Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс ва Жума Бани келажак учун ўз сафига қўшиб олди.
Ёзда “Манчестер Сити”га ўзининг энг ёрқин истеъдодли ўйинчисини трансфер қилган “Лион”да Хосеп Гвардиола шогирдларидан бирини бепул ижарага олиш ҳуқуқи бор. Францияликлар шартномада кўрсатилган бу имкониятдан унумли фойдаланиш учун Лига 1 ўйинларига мослашган Абдуқодир Ҳусановни сўраганидан хабарингиз бор, албатта.
Ўзбек футболчиси “Лион”нинг асосий нишони эди. Бироқ, Хосеп Гвардиола 21 ёшли марказий ҳимоячини янги мавсумга тайёргарлаётгани учун уни ижарага юборишга кўнмади. “Манчестер Сити” янги чемпионатда Абдуқодир Ҳусановга суянади.
L’Equipe нашрига кўра, “Лион” Ҳусановни қўлга кирита олмаганидан кейин Оскар Бобб, Жеймс МакЭйти, Клаудио Эчеверри каби ҳужумкор ўйинчилардан бирини олишга уриниб кўрди. Бироқ бу режа ҳам амалга ошмади.
Хосеп Гвардиола “Лион”ни бошқараётган ҳамкасби Пауло Фонсекага 19 ёшли марказий ҳимоячи Жума Бани юборадиган бўлди. “Шаҳарликлар” бу ўйинчини январда “Реал Вальядолид”дан сотиб олган ва тўғри “Ланс”га ижарага жўнатган эди. Қшда асосий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни Манчестерга кузатган лансликлар мавсум охиригача ўзбек футболчиси ўрнида Жума Ба хизматидан фойдаланди.
“Ланс” янги мавсумда ҳам бу ўйинчини ижарага олиб қолмоқчи. Даъвогарлар орасида “Ницца”нинг номи ҳам зикр этиляпти. Лекин Англия матбуотининг ёзишича, Жума Ба “Лион”га ўтишга яқинлиги айтилмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, 19 ёшли ўйинчи Манчестерда қолгани билан асосий таркибга кира олмайди, ўсиш учун эса, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш керак.
“Манчестер Сити”да рақобат ўта кучли. Чунки келаси мавсум ҳимоя марказидаги икки ўринга янги ўйинчилар – Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейсдан ташқари, Рубен Диас, Йошко Гвардиол, Натан Аке, Жон Стоунз ҳамда Мануэль Аканжи сингари “Сити”да суяги қотган футболчилар ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Сити” 20 январь куни Абдуқодир Ҳусановни 40 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Ўзбек футболчиси Манчестерга келиши билан асосий таркибдан жой олди ва Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, Европа Чемпионлар лигасида жами тўққизта учрашув ўтказиб, битта гол ҳам урди.
Апрель ойидан бошлаб, Хосеп Гвардиола Ҳусановни майдонга туширмай қўйди. Кейинчалик маълум бўлишича, “Манчестер Сити” лансликларга 5 миллион евро миқдорида қўшимча бонус тўламаслик учун Абдуқодирни ўйнатмагани маълум бўлди. “Ланс” билан келишув жараёнида агар Ҳусанов ярим мавсумда ўнта беллашувда қатнашса, “шаҳарликлар” бонус тўлаши зарурлиги ошкор бўлди.
Ҳусанов бир соатда жаҳон футболи тарихига кирди
Талаш бўлаётган Шомуродовнинг трансфер бозоридаги нархи кўтарила бошлади!
Шомуродов кучайиб кетди...
“Топ-5” ёки Туркия: Шомуродов қайси жамоани танлагани маъқул?
Роналду Машариповга: Нима, сен Мессининг мухлисимисан?!
Фикрлар
Мавхум. АПЛ да порлаши учун куп ковун пишиги бор хали