
Ҳусанов машҳур футболчининг мундиалга йўлини тўсиб қўйди
“Манчестер Сити” ўз таркибида кучли футболчиларни жамлаган. Улар орасида 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексикада бўладиган жаҳон чемпионатида ўз мамлакатлари шарафини ҳимоя қилиши кутилаётган бир неча чарм тўп усталари бор.
“Сити” таркибидаги Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиши билан бошланган ва ҳали ҳамон давом этаётган авлодлар алмашинуви жараёни жамоада ички рақобатни шиддатли кўриниш олишини келтириб чиқарди.
Хосеп Гвардиола жамоасида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмаётган айрим ўйинчилар ўз мамлакатлари терма жамоаларидаги ўрнини ҳам йўқотиши мумкин. Sports.uz портали esteemedkompany.com сайт экспертларининг бу борада тайёрлаган таҳлилини ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола этишни маъқул кўрди.
- “Манчестер Сити” сафида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмаётган футболчилар ўз юрти бош жамоаси билан уммонортида бўладиган мундиалда иштирок эта олмаслиги мумкин. Ана шундай ўйинчилардан бири Натан Акедир. Рональд Куман уни Нидерландия терма жамоасининг октябрь ойидаги йиғинига жалб қилган бўлса-да, ҳимоячи олдиган қатъий талабларни қўйди. Жумладан, Натан Аке терма жамоадаги жойини сақлаб қолиши учун “Манчестер Сити” сафида мунтазам майдонга тушиши талаб этилади.
Шу боис, Натан Аке январь ойида жамоада қолиш ёки Манчестерни тарк этиш борасида муҳим қарор қабул қилишига тўғри келмоқда.
Рональд Куман Нидерландиянинг De Telegraaf нашрига берган интервьюсида Натан Аке билан ўйинчининг келажаги ҳақида гаплашиб олганини маълум қилди.
- Биз Аке билан унинг вазиятини муҳокама қилдик. Қандайдир ўзгариш қилмаса бўлмайди. Клубда деярли ўйнамаган ҳолда терма жамоада қолиш тўғри бўлмайди. Ўйин амалиёти – терма жамоада тўп тепиш учун тайёргарлик жараёнининг бир бўлагидир, - деди бош мураббий.
Натан Аке жаҳон чемпионатига бориш учун “Манчестер Сити”ни тарк этишига тўғри келади. Натан “Манчестер Сити” учун доим қадрли ўйинчи бўлиб келган. Хосеп Гвардиолага унинг универсаллиги, яъни ҳимоя марказида ва чап қанотда ўйнай олиш қобилияти ёқади. Аке кучга тўлган даврида майдонда ҳар қандай вазифани уддалайдиган ўйинчи эди. Аммо ўтган мавсумда турли жароҳатлар туфайли кўп учрашувларда иштирок эта олмади. Янги ўйинчиларнинг жамоага келгани ҳам унинг йўлини тўсди.
Жорий мавсумда ҳам асосий таркибга кира олгани йўқ. Атиги олтита учрашувда қатнашди. Уларнинг аксариятида захирадан ўйинга қўшилди.
Натан Акенинг бошланғич таркибга киришида энг катта тўсиқ жамоада юзага келган кучли ички рақобатдир. Ҳозир ҳимоя марказида Гвардиола асосан Йошко Гвардиол ва Рубен Диашга ишонч билдирмоқда. Уларнинг ўринбосари сифатида Абдуқодир Ҳусанов ва тажрибали Жон Стоунз танланган. Ҳусановнинг январда жамоага қўшилиши ва ишончли ўйин намойиш қила бошлагани Натан Акенинг асосий таркибга кириш имкониятини янада қийинлаштирди.
Аке ўйнай оладиган чап қанотда ҳам вазият мураккаб. “Сити” да бу позицияга асосий даъвогарлар ёзда трансфер қилинган Райан Айт-Нури ва клуб тарбияланувчиси Нико О’Райли бўлиб турибди. Катта эҳтимол билан Пеп Гвардиоланинг бу мавсум учун таркибида Натан Акега фақатгина захира ўйинчиси мақоми берилади.
Бу ҳолат унинг Нидерландия терма жамоасидаги ўрнини йўқотишига олиб келишини Рональд Куман яшириб ўтиргани йўқ. Катта эҳтимол билан Натан Аке мунтазам ўйин амалиёти илинжида январь ойида жамоасини ўзгартиради. Куманнинг бу талаби айрим клублар эътиборини Натан Аке номзодига қаратишига туртки бўлади, - деб ёзди esteemedkompany.com сайти таҳлилчиси Адам Марретт.
Дарҳақиқат, ёзги трансферлар даврида “Манчестер Сити” асосий таркибига кира олмаган бир неча ҳимоячилар клуб билан хайрлашди. Хусусан, марказий ҳимоячилардан Витор Рейс “Жирона”га, Макс Аллейн “Уотфорд”га, Мануэль Аканжи “Интер”га ижарага берилди.
Абдуқодир Ҳусанов ҳам ёзда ижарага жўнатилиши режалаштирилган эди. Бироқ Хосеп Гвардиола уни янги мавсумдаги режаларига киритганидан кейин легионеримиз Манчестерда қолди. Шунга қарамай, Ҳусанов охирги тўртта учрашувни ҳимоя марказида эмас, жамоа учун энг муаммоли нуқта ҳисобланган ўнг қанот ҳимоясида ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” ўйинчилари орасида биринчилардан бўлиб 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ҳусанов “даҳшатли” қурол, мураббий уни кутяпти!
Фикрлар