
Азиз Ибрагимов: "Каннаварони мураббий сифатида ҳали яхши билмайман"
Ўзбекистон миллий терма жамоамизга италиялик таниқли мутахассис Фабио Каннаваронинг бош мураббий этиб тайинлангани ҳақидаги хабар бир зумда бутун дунёга тарқади.
Энди бош жамоамизни жаҳон чемпионатига собиқ олтин тўп соҳиби тайёрлайди. Эртага эса вакилларимиз Тошкентда Қувайтга қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этади ва бу Каннаваронинг Ўзбекистон терма жамоамиз устози сифатидаги илк норасмий беллашувига айланади.
Албатта, унинг Ўзбекистон термаси устозига айлангани фонида турли фикрлар, муносабатлар билдирилиши табиий.
Бу борада терма жамоамизнинг собиқ футболчиси Азиз Ибрагимов Sports.uz сайти учун Каннаваро масаласидаги саволларга жавоб қайтарди.
- Терма жамоамизга янги бош мураббий тайинланганига муносабатингиз қандай бўлди?
- Зўр футболчи бўлгану, мураббийлик тарафидан у қадар натижа кўрсатганини эшитмаганман. Омадини берсин. Ўзбекистон терма жамоамизни ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз ва ҳамиша мухлислик қиламиз. Каннаварони келгани хайрли бўлсин.
- Умуман олганда, Каннаварога ишонасизми?
- Айтяпман-ку, Каннаварони ҳали мураббий сифатида яхши билмайман. Терма жамоамизга, йигитларга ишонаман.
- Аслида терма жамоамиз бошқарувида қандай ўзгаришни кутгандингиз?
- Тимур Кападзени қолади, деб ўйлагандим. Нимагаки, натижаларни кўрсата олди. Олимпия терма жамоамизни Олимпиадага олиб чиқа олди. Сречко Катанецдан кейин терма жамоамизни қабул қилиб олиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритишда ўз ҳиссаларини қўшди. Футболчиларимизни, менталитетимизни яхши биладиган маҳаллий мутахассис. Шу боис Кападзени бош мураббий бўлиб қолади, деб ўйлагандим.
- Азиз ака, сизнингча, Кападзени албатта Каннаварони шатбида бўлиши лозим деб ҳисоблайсизми?
- Ҳа, албатта. Ҳозир таъкидлаганимдек, маҳаллий мураббий футболчиларимизни ва менталитетимизни яхши билади. Каннаварони ёнида шунақа мутахассис бўлиши жуда яхши бўлади.
- Агар Каннаваро билан учрашганингизда унга нима деган бўлардингиз?
- Фақат Ўзбекистон терма жамоаси билан омад тилайман. Мундиалда муваффақиятли иштирок этиб, омад ёр бўлишини айтган бўлардим.
- Каннаварога терма жамоамизни мундиалга тайрлаш учун 8 ой етарли вақт деб ўйлайсизми?
- Ҳаддан ташқари етарли деб айта олмайману, лекин терма жамоани 8 ойда тайёрласа бўлади.
Фикрлар