
Ҳусанов клуб афсонаси ўрнини эгаллади!
Европа Чемпионлар лигасининг умумий босқич биринчи турида “Манчестер Сити” ўз майдонида Италия чемпиони “Наполи”ни қабул қилиб, Эрлинг Холанд ва Жереми Доку голи эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Биз учун аҳамиятлиси, бу баҳсда Абдуқодир Ҳусанов бошлағич таркибда майдонга тушиб, тўлиқ ўйнади ва ўнг қанот ҳимоясини мустаҳкам ушлади.
Нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайти эксперти Эдвард Бёрнетт таҳлилий мақоласида ушбу учрашувнинг бешта муҳим воқеасига алоҳида эътибор қаратди. Улардан бири Ҳусановга оид.
Sports.uz портали учрашувнинг бешта асосий воқеасини ўзбекистонлик мухлислар эътиборига ҳавола этади.
Эрлинг Холанд ёндиряпти
Холанд ҳақиқий феномен. “Наполи” мустаҳкам ҳимояланганига қарамай, Эрлинг мавсум бошидан бери барча турнирлардаги 12-голини урди. Қолаверса, италияликлар дарвозасига киритилган тўп норвегиялик форвард учун Чемпионлар лигасидаги 50-гол бўлди. Холанд бу маррани энг қисқа муддат – 49 та учрашувда забт этди ва тарихий рекорд ўрнатди.
Айни пайтда Холанд спорт формасининг юқори даражасига чиқиб олди ва кўрсатаётган натижалари бўйича жаҳоннинг энг зўр ҳужумчиси бўлиб турибди.
“Олтин тўп” соҳиби Родри ўз қайтди
Родрининг “Манчестер Сити”нинг энг муҳим ўйинчиси эканини билмайдиганлар бўлмаса керак. Унинг жароҳат олиб қарийб бир йил сафдан чиққани ўтган мавсум жамоа юз тутган инқирозининг сабабларидан бири сифатида эътироф этилди.
Бу мавсум испаниялик футболчи ўзининг юқори спорт формасини тиклашга ҳаракат қиляпти. “Наполи” билан баҳсда Родри яна майдон марказида хотиржам ўйнаб, маҳоратини намойиш қилди. Агар Родри мавсум давомида шундай ўйнаса, “Сити”ни муваффақиятга етаклаши аниқ.
Жереми Доку очилиб боряпти
Доку ҳар доим талантли ва динамикаси кучли ўйинчи сифатида эътироф этилган. Бироқ илгари уни самарадорлик даражаси пастлиги уялтириб қўярди.
Бу гал у ишончли ўйинларига самарадорликни уйғунлаштириб бораётгани кўзга ташланяпти. “Манчестер Юнайтед” билан бўлган учрашувда иккита ассист қайд этган бельгиялик футболчи “Наполи”га супергол уриб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди.
Доку шу формасини сақлаб қолса, уни ёрқин келажак кутяпти.
Ҳусанов – клуб афсонасини эсга солди
“Манчестер Сити” 2025 йилнинг икки трансфер ойнаси давомида олган янги ўйинчилар орасида Франциядан таклиф этилган ва кенг оммага яхши таниш бўлмаган Абдуқодир Ҳусанов энг катта қизиқиш уйғотган футболчи бўлди.
Клубдаги фаолиятини бироз омадсизлик билан бошлаган легионер қисқа фурсатда янги жамоага мослашиб олди ва энг зўр ўйинчилар қаторига қўшилди. Ёзда “Милан”дан ижарадан қайтган Кайл Уокер тўлиқ “Бёрнли”га ўтиб кетганидан кейин, Абдуқодир энг заиф нуқтага айланган ўнг қанот ҳимоясига ўтказилди. Айтиш жоизки, 21 ёшли футболчи тезкорлиги, курашувчанлиги, иштиёқи, тўпни эгаллаб олиш ва ҳимояда ишончли ўйнай олиш қобилияти билан бу позицияни тўлиқ эгаллади.
Абдуқодирнинг услуби клуб афсонаси Пабло Сабалетани эсга соляпти ва Хосеп Гвардиолага ўнг қанот ҳимоясида ажойиб вариант борлигини кўрсатиб қўйди.
“Этихад” ҳар доим Кевин де Брюйненинг уйи бўлиб қолади
Бу учрашув “Манчестер Сити”да 10 йиллик фаолиятидан кейин “Наполи”га ўтган бельгиялик плеймейкер Кевин де Брюйне учун қадрдон аренага қайтиш имконини берди.
Кевин майдонга рақиб либосида қадам босган бўлса-да, томошабинлар уни олқишлар билан қарши олди.
Бу ҳолат ҳар қандай ҳолатда ҳам Кевин де Брюйне “Этихад” учун қадрдон бўлиб қўлади. “Шаҳарлик” фанатлар уни ҳар қандай клубда ўйнашига қарамай, илиқ кутиб олади. Фақат “Манчестер Юнайтед”га ўтмаса бўлди.
Файзуллаев ўтиши мумкин бўлган 30 дан ортиқ клуб бор эди...
Ҳусановнинг ўйинини экспертлар қандай баҳолади?
Фикрлар