Гвардиола: "Футбол шунчаки футбол бўлиб қолаверади"
"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола сўнгги йилларда футболдаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди.
Сўнгги пайтларда Премьер-лига жамоалари аутдан тўпни ўйинга киритишни ҳам ҳужум қуроли сифатида кўпроқ қўллай бошлади. Журналистлар испаниялик мураббийдан бу усул ўйин сифатини ёмонлаштирмаганми, деб сўрашди.
"Футбол шунчаки футбол бўлиб қолаверади. Ҳамон майдонда 11 тага қарши 11 та футболчи, майдон ҳам ўша-ўша. Ўйин шунчаки эволюция қилмоқда — бу унинг яратилган кунлариданоқ табиий жараён. Ҳа, жамоалар аутларни бурчак тўпидек ижро этишмоқда, жарима майдонини ўнта футболчи билан тўлдиришмоқда. Биз "Брентфорд"га қарши ўйинда қийналган эдик, "Ливерпуль" ҳам худди шундай мушкул ҳолатга тушди. Ҳозирги футбол ана шундай.
Стандарт ҳолатлар доимо хавф туғдиради. Албатта, биз бу жиҳатга жиддий эътибор қаратамиз. Менда шундай ҳис борки, агар ўйинни яхши назорат қилсак, рақибларда бурчак тўпи ва аутлар учун имкониятлар камаяди", — деди Гвардиола.
Бугун "Манчестер Сити" Лига кубоги доирасида "Суонси"га қарши баҳс олиб боради.



Фикрлар