Гукеш кунига неча соат шахмат билан шуғулланади? Унинг хотиржамлик сири нимада? (Интервью)

Гукеш кунига неча соат шахмат билан шуғулланади? Унинг хотиржамлик сири нимада? (Интервью)

Таниқли ҳиндистонлик шахматчи Гукеш Доммаражу ўзининг "X" саҳифасида обуначиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди: 

— Агар шахматчи бўлмаганингда, нима билан шуғулланган бўлардинг?

—  Эҳтимол, индивидуал спорт турини танлардим — теннис ёки бадминтон.

— Жаҳон чемпиони бўлсанг ҳам қандай қилиб камтарликни сақлаб қоляпсан?

—  Ўйлайманки, ҳеч кимни ранжитмаслик ва қўлимдан келганича ишимни энг яхши даражада қилиш муҳим. Баъзан бу қийин бўлади, лекин ҳаракат қиламан.

—  Агар муваффақият формулангни бир жумла билан айтиш керак бўлса, нима дердинг?

—  Ҳеч қачон таслим бўлма.

— Сен учун қайси бири муҳимроқ — интуициями ёки ҳисоб-китоб?

— Ўйлайманки, ҳар бир қарорда иккаласи ҳам бирга ишлайди. Айрим ўйинчиларда бири устун келади, айримларида иккинчиси. Менда эса, эҳтимол, вариантларни ҳисоблаш одати кўпроқ ишлайди.

— Шахматчилар орасида кўрган энг ғалати ирим-сириминг нима?

—  Кимнидир юриш қилишдан олдин қўлини фигура устида бир неча бор муаллақ ушлаб турганини кўрганман.

— Қандай турнир муҳити сенга максимал даражада ўйнашга ёрдам беради — тинч залларми ёки шовқинли?

— Бу кўпроқ кайфиятга боғлиқ, атмосферага эмас. Очиғини айтсам, Олимпиадалардаги каби катта залларда кўп ўйинчилар билан ўйнаш завқлироқ.

—  Бугунги кунда шахматда қайси кўникма кўп эътибордан четда қолади?

—  Эҳтимол, эндшпиль. Аниқ эмас, лекин шундай деб ўйлайман.

— Ўтмишингдаги қайси партия ҳануз сенга нимадир ўргатади?

— Ҳар бир партия нимадир ўргатади, лекин энг эсда қолгани — Номзодлар турнирида Алиреза Фирузжга қарши 7-тур бўлган.

— Шахмат тахтаси олдидаги энг қийин қароринг қайси бўлган?

—  Ҳар бир партияда қийин қарорлар бўлади, лекин энг қийини — Загребда Магнус билан дурангга рози бўлганим эди.

— Илгари ёқтирмаган, аммо ҳозир яхши кўрадиган дебютинг борми?

—  Қизиқарли савол… Эҳтимол, каталон бошланиши.

— Компьютер билан мунтазам ишлаш сени кўпроқ ижодкор қиладими ёки тасаввурингга тўсқинлик қиладими?

— Движоклар билан машғулотнинг ҳам плюс, ҳам минуслари бор. У янги ғояларни ўрганишга ёрдам беради ва тайёргарликни осонлаштиради, лекин жуда чуқур кетилса, креативликнинг бир қисмини “ўлдириши” мумкин.

— Партиядан олдин қандайдир одатинг борми?

—  Одатда, бироз медитация қиламан.

— Сенингча, бир кун келиб дунёда биринчи рақамга айланасанми?

— Шунга эришиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Бу содир бўладими-йўқми, барибир қилган меҳнатимдан мамнун бўламан.

— Яқин вақтларда онлайн-турнирлар ёки бошқа шахмат тадбирларини стрим қилишни режалаштираяпсанми?

—  Йўқ, бундай режаларим йўқ ва ростини айтсам, бу қачондир бўлади, деб ҳам ўйламайман. Бироқ шахмат учун кўп иш қилаётган ажойиб контент-мейкерлар жуда кўп!

— Бу йилги Номзодлар турнири иштирокчилари рўйхатидан ҳайратландингми? Титулни ҳимоя қилиш учун тайёргарликни қачон бошлайсан?

—  Хайратланарли ҳеч нарса йўқ, деб ўйлайман: ҳамма имконият олди ва ундан фойдаланди. Спортнинг моҳияти ҳам шунда — “мен кучлиман, демак мен бу ерда бўлишим керак” деб бўлмайди. Майдонга чиқиб, натижа кўрсатиш керак ва у ердаги йигитларнинг барчаси шуни қилди! Мен эса ҳозир ўз устимда ишлаяпман ва яхшироқ бўлишга ҳаракат қиляпман.

— Кунига одатда неча соат шахмат билан шуғулланасан? Агар ўша куни партиянг бўлса, бу ўзгарадими?

— Одатда, тахминан олти соат. Лекин ўша куни партия ўйнасам — албатта камроқ, чунки партиянинг ўзи бир неча соат давом этади ва энергияни сақлаш керак.

— Жаҳон чемпиони бўлганингдан сўнг қўшимча босим сезяпсанми?

—  Албатта, қўшимча босим бор, мен буни ҳис қиламан. Лекин карьерамда ҳар бир янги босқичда — эртами, кечми — мослашганман ва бу сафар ҳам худди шундай бўлишига ишонаман!

SPORTS.uz'нинг Instagram'даги саҳифасига қўшилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ