Флик “Барса” ўйинчилардан норози
“Барселона”нинг германиялик бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Ла Лига доирасида “Севилья”дан 1:4 ҳисобида учралган мағлубиятни ҳазм қила олмаяпти.
Sport.es ва Catalunya Ràdio каби манбаларнинг ёзишича, Флик бу баҳсдан кейин клубда футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига масъул бўлган мураббийлар билан шахсан гаплашиб олишга қарор қилди.
Манбаларнинг қайд этишига кўра, немис мураббийи “Барселона” ўйинчиларининг жисмоний тайёргарлик даражаси мавсумнинг айни пайтдаги қисмига умуман тўғри келмаётганидан норози. Айниқса, Педрининг жисмоний ҳолати ўтган мавсумдагидан анча пастлиги саволларни келтириб чиқармоқда.
Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар футболчиларга иш жараёнида жуда паст даражада юклама бераётгани айтилмоқда. Бу ўйинчиларнинг чарчаб қолишига ва ўйин давомида интенсивликни ошира олмаётганига сабаб бўлаётган экан.
Фликнинг режаси бўйича жамоа ўйинчилар март ойида индивидуал спорт формасининг чўққисига чиқиши керак. Бироқ ишлар ҳозиргидек давом этса, бош мураббий кутган жараён умуман амалга ошмаслиги эҳтимоли катта.



Фикрлар