Февзи Давлетов: "Бизга фақат аниқлик етишмади"

  • 27 Apr 09:59
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
CHERY AUTO

"Машъал" - "Сурхон" (0:0) учрашувидан сўнг термизликлар бош мураббийи Февзи Давлетов матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди

Tecno

Ўйин ҳақида

- "Машъал" иккинчи рақам остида ўйнаши кутилган эди, рақибда позицион ҳимоя ҳолатлари жуда кўп бўлди. Биз рақиб дарвозасига етиш учун анча кўп ҳаракат қилдик, чунки гол уриш керак эди. Биз кўплаб имкониятлар, зарбалар ва стандарт вазиятлар яратдик. Жарима майдонида агрессивроқ ҳаракат қилиш керак эди. Бу жиҳатда биз муваффақиятга эришмадик. Мен статистикани кўрдим: биз рақиб дарвозасига 22 марта зарба берган эканмиз, шунингдек 12 та бурчак зарбаси бўлган

- Ўзингиз таъкидлаганингиздек, жамоангизда бурчак зарбалари кўп бўлди. Сизнингча, футболчиларга иккинчи қаватдаги ўйинда нимадир етишмадими?

- Аслида, биз ҳар доим стандарт вазиятлар устида ишлаймиз. Менимча, бугун айнан аниқлик етишмади. Эҳтимол, "Навбаҳор"га қарши охирги уй ўйинида ғалаба қозониш учун сарфланган эҳтиросларимиз етарли бўлмаган бўлиши мумкин. Ҳолбуки, "Машъал" стандарт вазиятларда позицион ўйин қилажагини билардик. Бош билан яхши ўйнайдиган футболчиларимиз бор. Бизга фақат аниқлик етишмади. Агар биз битта гол урганимизда, "Машъал" очилишига тўғри келарди ва шу билан ўйин ҳам қизиқарлироқ бўларди ҳамда бизда имкониятлар кўпроқ юзага келарди.

- Биз шунга эътибор қаратдикки, "Сурхон" турнир жадвали юқори қисмини эгаллаган жамоаларга қарши яхши ўйнаяпти, аммо камроқ юлдузли жамоаларга қарши ўйинларда сизнинг жамоангизда муаммолар юзага келяпти...

- Ҳар бир жамоанинг ўз ўйин услуби бор. Бизнинг футболчилар эса рақибдан қатъий назар, ҳар бир ўйинга бир хил руҳда тайёргарлик кўрадилар. Фарқи йўқ: "Навбаҳор", "Хоразм" ёки "Машъал" бўладими. Масалан, "Машъал"ни ўрганар эканмиз, жамоа ҳимоядан ўйнаётганини пайқадик. Бу — уларнинг ўзига хос услуби, ўйин шакли. Бугун рақиб фақат битта яхши қарши ҳужум ташкил қилди. Яхши бўлдики, ўша вазиятда тўп тўсиққа тегиб қайтди ва гол ўтказиб юбормадик. Акс ҳолда, ҳисобни тенглаштириш жуда қийин бўларди. Чемпионат қизиқарли ўтади ва кузда ким қандай ишлагани кўрилади.

- Ҳар бир ўйинда "Сурхон"да кўплаб имкониятлар бўляпти, шуларнинг аксарияти яхши вазиятлар. Шу билан боғлиқ бир савол туғилади: нима учун сиз икки ҳужумчи билан ўйнаш схемасини қўлламайсиз?

- Биз учта ҳужумчи билан ҳам ўйнаяпмиз. Масалан, бугун иккинчи ҳужумчи ролида Достон Турсунов ўйнади. У орқа ҳужумчи сифатида, бироз пастроқ позицион ҳаракат қилди. Бугун Ҳайдаровни ҳам майдонга эртароқ тушириш мумкин эди. Бутун ўйинни таҳлил қилишимиз керак. Ўтган йили биз икки ва уч ҳужумчи билан ўйнаш амалиётини ҳам қўллаган эдик. Ҳайдаровга келсак, ҳозир у ўзининг энг яхши спорт формасини ҳали олмаган. Ҳозирда у 15–20 дақиқа ўйнай олади. Яна кўп меҳнат қилиши керак. Қўшимча қилиб ўтаманики, вингерлар ўз имкониятларидан фойдаланишлари керак эди. Асилбек Жумаев ҳам жарима майдонига кирганда уни блоклашди. Унга тўпни ўнг оёғига мослаш учун тўхтаб қолмасдан, дарҳол зарба бериш керак эди.

 

Comments

You must be logged in to commet!