
Файзуллаев кетганидан хурсандмиз
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасидаги фаолиятини якунлаб, Туркия Суперлигасига кўчиб ўтмоқда.
Бир неча манбалар “Истанбул Башакшеҳир” клуби ўзбек легионери учун “армиячилар”га 7,5 миллион евро бадал пули тўлагани ва Аббоснинг натижаларидан келиб чиқиб, яна 2,5 миллион евро миқдорида бонуслар ажратиш кўзда тутилганини ёзди.
Файзуллаевнинг ўзи билан турклар 3+1 кўринишида шартнома имзолаши айтилмоқда.
ЦСКАда ўзбек футболчиси билан бирга ўйнаган жамоадошлари ҳам бу трансферга ўз муносабатларини билдиряпти.
Sports.uz портали “армиячилар”нинг фикр-мулоҳазаларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
Игор Дивеев, ЦСКА ҳимоячиси:
Аббос ЦСКА учун йўқотишми? Бунга йўқотиш ёки йўқ деб жавоб бермайман. Лекин мен унинг Европага кетганидан хурсандман.
Чунки бу унинг орзуси эди. Табиийки, у ўзи ўтишни истаган лигага бормади. Барибир бу муҳим қадам.
Туркия ҳам унга тўғри келишини таъкидлаш лозим. Сабаби бу мамлакатдан ўзи истаган лигаларга ўтса бўлади.
Данил Круговой, ЦСКА ҳимоячиси:
Ҳаммамиз Аббосни соғиниб қоламиз. Лекин у қайтишга ваъда берган. Ўйлашимча, Туркия чемпионати жаҳон чемпионатидан олдин Файзуллаев учун трамплин бўлади. Унга муваффақият тилайман.
Аббос – яхши йигит ва зўр ўйинчи. У билан ўйнаш роҳатнинг ўзгинаси. Айниқса, 3-4-3 схемасида, у қанот ҳужумчиси сифатида, мен эса чап томонда ўйнаганимда ҳаммаси зўр чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. 2023 йилнинг август ойида истеъдодли футболчини ЦСКА 500 минг евро эвазига ўз сафига қўшиб олди.
Легионеримиз қисқа фурсат ичида жамоа етакчисига айланди ва дебют мавсумидаёқ Россия Премьер-лигасининг асосий кашфиёти сифатида эътироф этилди.
Файзуллаев “армиячилар” сафида икки йил давомида жами 72 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига 22 та голли пас узатди.
Ҳамюртимиз ЦСКА таркибида Россия Премьер-лигаси бронза медали совриндори, мамлакат кубоги ва Суперкубоги соҳиби бўлди.
Файзуллаев ЦСКАдан кетганининг асл сабаби ошкор бўлди
Энди битта Шомуродов етишмаяпти!
Ҳусанов соғлиғини сунъий интеллект назорат қиляпти
Ҳусановга жой борми? Гвардиола янги таркиб шакллантиряпти
Эксперт: Бу футболчи Ҳусановнинг йўлини тўсяпти
Фикрлар