
Европадаги энг қиммат икки супертрансферни бир клуб амалга оширди
Англия чемпионати ғолиби “Ливерпуль” ёзги трансферлар даврида таркибини сезиларли даражада кучайтиришни уддалади.
Клуб раҳбарияти бош мураббий Арне Слотни қимматбаҳо трансферлар билан қўллаб-қувватлагани “Ливерпуль” келаси мавсумда ҳам юксак натижалар учун курашишидан далолат беради.
Transfermarkt порталининг маълум қилишича, ёзги трансфер бозорида ҳозиргача энг қиммат иккита харидни бир жамоа – айнан “Ливерпуль” амалга оширди.
Мерсисайдликлар “Байер” етакчиси Флориан Вирцни олиш учун рекорд сумма – 125 миллион евро ишлатди. Шунингдек, “Айнтрахт”нинг франциялик ҳужумчиси Уго Экитике “Ливерпуль”га 95 миллион еврога тушди.
“Манчестер Юнайтед”га қўшилган “Брентфорд” ҳужумчиси Брайан Мбемонинг 75 миллион евролик трансфери қимматбаҳо харидлар рейтингида учинчи ўринда қайд этилган.
Шунингдек, Рубен Аморим жамоаси 74,2 миллион еврога “Вулверхэмптон”дан Матус Куняни олган бўлса, “Арсенал” раҳбарияти Мартин Субименди учун “Реал Сосьедад” ҳисоб рақамига 70 миллион евро ўтказиб берди.
Фикрлар