
Эдегор жароҳат сабаб Норвегия терма жамоасига ёрдам бера олмайди
"Арсенал" ярим ҳимоячиси Мартин Эдегор АПЛнинг 7-турида “Вест Ҳэм”га қарши (2:0) ўйинда тиззасидан жароҳат олди. Бу ҳақда Лондон клубининг расмий сайти хабар берди.
Маълумотларга кўра, норвегиялик футболчи чап тиззасининг медиал коллатерал боғини шикастлаган. Эдегор ФИФА кунлари вақтида “Арсенал” базасида тиббий кўрик ва даволаниш жараёнидан ўтади. Бунинг асосий мақсади уни илoжи борича тезроқ сафга қайтариш.
Футболчи терма жамоаси таркибидаги октябрь ойида бўлиб ўтадиган Исроил ва Янги Зеландияга қарши учрашувларни ўтказиб юборади. Унинг аниқ қачон сафга қайтиши ҳозирча маълум эмас.
Ярим ҳимоячи жорий мавсумда "тўпчилар" сафида барча мусобақаларда 7 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та голли узатма амалга оширган.
Фикрлар