Дилшод Комилов: “Вақтида гол ура олмаганимиз сабабли ўйин қийин ўтди”
Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоамиз КАФА мусобақаси финалида Эронга қарши баҳс олиб борди ва қийин ўтган учрашувда вакилларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, илк бор турнир ғолибига айланди. Учрашувда деярли тўлиқ иштирок этган ва қўшимча бўлимлардагина захирага олинган ҳимоячи Дилшод Комилов Sports.uz учун финалдаги ўйин ва Эрон термаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
“Тўғриси, учрашув оғир кечди”
- Авваламбор, барча қўллаб-қувватлаганларга, мухлисларга катта раҳмат айтаман. Тарихий натижага эришиб ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Тўғрисини айтсам, ўйин қийин бўлди. Битта кам бўлиб қолганидан кейин ҳимоявий ўйин услубига ўтди. Вақтлироқ гол урганимизда ўйин бундан ҳам осонроқ кечарди. Лекин вақтида гол ура олмаганимиз сабабли учрашув оғир ўтди.
“Ортиқча ҳаяжон бўлмади”
- Эрон терма жамоасига қарши яхши тайёргарлик олиб боргандик. Олдимизда масъулиятли ўйин турганди, бу финал эди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳали КАФА мусобақасида ғалаба қозонмаганди. Бунинг устига рақиб Эрон. Қийин бўлишини билардик ва шунга яраша ҳар тарафлама тайёргарлик кўрдик. Масъулиятни ҳис қилган ҳолда қўлдан келганича ҳаракат қилдик ва ғалаба қозондик. Ортиқча ҳаяжон бўлмади. Биз футболчилар майдонга чиқиб, босимсиз, ташқаридаги муҳитга эътибор бермаган ҳолда майдонда иложи борича ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
“Қизил карточка тўғри берилди”
- Қизил карточкага келадиган бўлсак, футболни ўз қоидалари бор. Қизил карточка тўғри берилди, деб ўйлайман. Чунки ҳимоячи жароҳат етказиши ҳам мумкин эди. Тўғри, бу ҳолат кутилмаганда бўлиб қолди. Бу эса уларга қўшимча куч бўлди, деб ўйлайман. Исталган жамоа қизил карточкадан сўнг икки баробар кўпроқ ҳаракат қилади ва қўшимча куч келади, деб ўйлайман. Бизга фақат тезкор гол етишмади. Агар тезкор гол урганимизда ўйинни йирик ҳисобда якунлашимиз ҳам мумкин эди. Худога шукр, 1:0 ҳисобида бўлса ҳам ғалаба қозондик, бундан хурсандмиз.
“Рақибни зарарсизлантиришни уддаладик”
- Эронга қарши учрашувда биз кўпроқ олдинга чизиқда ҳаракат қилдик. Ҳимояда ортиқча ўйнамадик, улар кўп ҳам ҳужум қилмади. Асосан қарши ҳужумдан фойдаланишга ҳаракат қилишди. Рақибни зарарсизлантиришни уддаладик, деб ўйлайман. Ҳимояга кўп юк тушмади. Биздаги эътибор кўпроқ ҳужумга қаратилди. Ҳужумчиларига келсак, тўғри тажрибали. Европадаги чемпионатларда тўп суришади. Лекин қўлдан келганича курашдик ва ғалабага эришдик.



Фикрлар