Чирчиқда корэш бўйича халқаро турнир ўтказилди
Жорий йилнинг 17 октябрь куни Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг кураш залида корэш (Татар корэши) спорт тури бўйича халқаро "Дўстлик" номли турнир ташкил этилди.
Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, халқаро Корэш федерацияси ҳамда ЎзДЖТСУ Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси билан ҳамкорликда бўлиб ўтган ушбу халқаро турнирда Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон спортчилари 5 та вазн тоифасида беллашишди.
Кун давомида ўтказилган беллашувлар натижасига кўра умумжамоа ҳисобида Россия терма жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса полвонларимиз иккинчи ўринни банд этишди. Учинчи ўрин қўшни Тожикистон давлати спортчиларига насиб этди.
Мазкур халқаро мусобоқанинг тантанали очилиш ва тақдирлаш маросимида Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов, халқаро корэш федерацияси бошқарув раиси Равиль Нагуманов (Россия), Осиё белбоғли кураш конфедрацияси президенти Мўмин Муратов, халқаро Қирғиз курош федерацияси президенти Рискелди Шамиев (Қирғизистон), Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, ЎзДЖТСУ биринчи проректори Шерзод Мирзанов ва бошқалар иштирок этди. Турнир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.
Шунингдек, турнир доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети халқаро корэш федерацияси, Қирғиз курош федерацияси ҳамда Россия федерацияси Паволожия давлат маданият, спорт ва туризм университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.



Фикрлар