
Бу турда чемпион ва Суперлигани тарк этувчи иккинчи жамоа номи аниқ бўлади...ми ёхуд мутахассис нима дейди?
Coca-Cola Суперлига ҳам ниҳоялаб қолди. 22 ҳамда 24 ноябрь кунларида 25-тур учрашувлари ўтказилади. Ушбу турда кўп масалага ойдинлик киритилиши кутилмоқда.
Таниқли собиқ футболчилардан бири Шерзод Райимжонов 25-турдан ўрин олган 7 та жуфтлик бўйича муносабат билдирди.
22 ноябрь
“Турон” – “Андижон”
- Яйпанда чиройли ўйин бўлади, майдони яхши. “Турон” ёш жамоа бўлишига қарамай, охирги имкониятини ишга солади. “Андижон” ҳам айниқса иккинчи даврада яхши ўйинлар кўрсатяпти. Чемпионат охирини ҳам яхши нотада якунлашни исташмоқда. Кейинги йилга жамоада қолиш ниятида бўлган футболчилари ҳам ўзларини кўрсатади, деб ўйлайман. Қизиқарли учрашув бўлади. Имкониятларга келсак, 40\60 “Андижон” фойдасига.
“Бухоро” – ОКМК
- Бу ўйин ҳам “Турон” – “Андижон” учрашувига ўхшаган. Бухороликлар ўз уйида мухлислари қаршисида чемпионатдаги охирги учрашувини ўтказади. Улуғбек Бақоевни эскитдан яхши биламиз. Жамоаси қайси ўринда бўлишидан қатъий назар ҳар бир баҳсга жанговар кайфиятда чиқади. ОКМК ҳам ўзбек футболини байроқдорларидан бири ҳисобида ўзининг маркасини ушлаб туришга ҳаракат қилади. 3-4-ўринларга имконияти бор. Лекин “Бухоро” ҳам “тиши”ни кўрсатса керак. Имкониятлар 50\50.
23 ноябрь
“Бунёдкор” – “Металлург”
- Бу учрашувга келадиган бўлсак, иккала жамоа турнир жадвалида ҳеч қандай совринли ўринларда ёки аутсайдерлар қаторида ҳам эмас. Худо хоҳласа, чиройли ва тоза ўйин кўрамиз. Лекин “Бунёдкор”нинг имкониятини юқорироқ баҳолайман. Бу борада мезбонларнинг имконияти 60\40.
“Нефтчи” – “Қизилқум”
- Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида охирги ўйин. “Нефтчи” бу йил ҳар тарафлама мухлисларни ва раҳбарларни нигоҳида анча шов-шув кўтарди. “Қизилқум” эса элитада жон сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Аммо ўйлайманки, Левченко шогирдлари ўз майдонидаги охирги учрашувни кўтаринки руҳда ўтказиб, “Нефтчи” жамоаси уч очкони қўлга киритади – 65\35.
“Насаф” – “Сўғдиёна”
- Бу ўйин ҳам жуда қизиқарли бўлади. Устоз ва шогирд қарама-қаршилиги, яъни, Рўзиқул Бердиев ҳамда Иван Бошкович тўқнашуви. Чиройли учрашув кўрамиз, деган ниятдамиз. Аммо класс бўйича “Насаф” ўз савиясини кўрсатади. Чемпионликка ҳам имконияти бор. Ўзбекистон Кубогини ютди. Бу жуфтликда 70\30 “Насаф” фойдасига.
24 ноябрь
“Олимпик” – “Навбаҳор”
- Турнинг энг марказий ўйинларидан бири деб ҳисоблайман. Элитанинг энг ёш жамоаси таркиб жиҳатидан элитанинг энг кучли клубига қарши. Чунки “Навбаҳор” 2023 йилда Ўзбекистон Суперлигасида ижрочилар номидан санайдиган бўлсак, энг гранд жамоа ҳисобланади. “Навбаҳор”ни ҳам ҳали чемпионликка имконияти бор. “Жар” стадионида жуда қизиқарли беллашувни кўрамиз ва имкониятлар 50\50.
“Сурхон” – “Пахтакор”
- Турнинг охирги ўйини. “Сурхон”нинг “Олимпик”га қарши учрашувини кўрдик. “Пахтакор” жамоаси чемпионлик йўлида жиддий курашяпти. Агар учрашув Термиз шаҳрида “Сурхон”нинг ўз уйида бўлганида бошқача фикр билдирган бўлардим. Аммо бу сафар “Сурхон” қоғозда уй жамоаси бўлгани билан “Пахтакор”нинг стадионида ўйнайди. Менимча, “Пахтакор”ни бу тарафлама ҳам имконияти юқорироқ. Клуб чемпионлик масаласини охирги турга қолдирмайди. Шунинг учун имкониятлар 30\70 “Пахтакор” фойдасига.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар